Ширинлик қутиси ичидан тимсоҳ боласи, игуана ва 3 бош илон чиқди

Ширинлик қутиси ичидан тимсоҳ боласи, игуана ва 3 бош илон чиқди

Тошкент халқаро аэропортида божхоначилар тимсоҳ боласи, 3 бош игуана ҳамда 3 бош илонни ноқонуний олиб киришга уринишни фош қилишди.

Маълум қилинишича, Тошкент халқаро аэропортида 2022 йил 16 ноябрь куни божхона ходимлари Мисрдан учиб келган йўловчиларни божхона назоратидан ўтказиш давомида «яшил» йўлак орқали ҳаракатланган аёлнинг безовталаниши ва шубҳали хатти-ҳаракатларига эътибор қаратган.

Унга тегишли багаж назорат-рентген ускунаси ҳамда эндоскоп орқали кўздан кечирилганида, юклар орасидаги 2 та ширинлик қутисининг экранлардаги тасвири шубҳаларни тасдиқлади. Қутиларда ёввойи ҳайвонлар бор деган тахмин илгари сурилди.

Кўздан кечириш жараёнида биринчи қути ичида оғзи бойланган 1 бош Нил тимсоҳи боласи ва 3 бош игуана, иккинчи қутида эса тўрсимон, йўлбарс ва хондра зотига мансуб 3 бош питон боласи борлиги аниқланди.

Жониворларни олиб ўтишга уринган шахс эса буни бировнинг илтимосига биноан маълум бир ҳақ эвазига олиб ўтаётганини маълум қилган.

Жами баҳоси 77 млн сўм экани айтилаётган жониворлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!