Шавкат Мирзиёев «Юнусободга янги куч келаётганини» таъкидлади

Шавкат Мирзиёев «Юнусободга янги куч келаётганини» таъкидлади

15 январь куни президент Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманида бўлиб ўтган йиғилишда туманнинг янги ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов ҳақида гапирди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари Жаҳонгир Иброҳимов тимсолида «Юнусободга янги куч келаётганини» таъкидлади.

«Бектемирда тўрт йил ҳоким бўлиб ишлади. Бу „репетиция“ эди. Энди мана шу 352 минг аҳолиси бор районнинг ҳокими. Жаҳонгир Иброҳимовни мен Сирдарёда ҳам синаб келганман. Тажрибаси бор. Тошкентнинг иссиқ сувларини, коттежларини, дўконларини, фаровон кўчалари, нурли чироқларининг қадрига етади», — деди давлат раҳбари.

Президент Жаҳонгир Иброҳимовни туманга «раскладушка» билан келганини таъкидлади.

«Мен Иброҳимовга ё Юнусобод бўйича ишларни бажарасан, ё ишончни оқламайсан, дедим. Шунинг учун у «раскладушка» билан келди районга. «Раскладушка»ни олиб ҳокимиятда ётмайди, сектор маҳалласида жамояси билан бориб ётади. Маҳалланинг «ҳиди» ёқмаса, кетади. Менга маҳалланинг «ҳиди» ёқади. Маҳалланинг «ҳиди» — халқнинг овози», — деди президент.

Давлат раҳбари, шунингдек, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлигидан янги ҳокимнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик бўйича биринчи ўринбосари тайинланганлигини эълон қилди. Вазирликдан «Газета.uz»га хабар берилишича, Иқтисодий ривожланиш вазирлигида бўлимлардан бирида ишлаган Амрбек Муҳитдинов ҳокимнинг янги ўринбосари бўлди.

Чапдан ўнгга: Юнусобод туманининг собиқ ҳокими Рахманбек Усмонов (ҳозирда транспорт вазирининг ўринбосари), туманнинг янги ҳокими Жаҳонгир Иброҳимов, эҳтимол ҳокимнинг янги биринчи ўринбосари Амрбек Муҳитдинов. Кейингиси — солиқ бошқармаси раҳбарлари, прокурор ва туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбари.

Бундан ташқари, агар ҳокими ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, сектор раҳбарлари бир ой ичида президентнинг маҳаллаларда олиб борадиган ишлари тўғрисида топшириқлари асосида тақдимот тайёрласалар ва уни халқ депутатлари Кенгашида ҳимоя қила олсалар ва шундан сўнг Кенгаш тавсиялар берса, солиқ бошқармаси раҳбарлари, прокурор ва туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбарлари ўз лавозимларида қолишлари маълум қилинди.

Шу билан бирга, президент, агар Кенгаш депутатлари халқ вакиллари сифатида «ўзларини бефарқ тутсалар», улар «халққа хиёнат қилишади», — дея таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманидаги ишлардан қониқмаётганини ва янги тизим асосида ишлаш керак эканлигига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Бундан ташқари, Юнусобод тумани иқтисодий жиҳатдан Тошкент шаҳридаги барча туманлардан етакчи бўла олиши таъкидланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!