Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов коронавирусга қарши кураш масаласини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов коронавирусга қарши кураш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март, чоршанба куни, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, давлат раҳбарлари Ўзбекистон—Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, кўп қиррали ҳамкорликни, аввало савдо-иқтисодий, энергетика ва транспорт-коммуникация соҳаларида кенгайтириш масалаларини батафсил муҳокама қилди.

Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Коронавирус пандемиясига қарши самарали курашишни таъминлаш ва унинг икки томонлама алоқаларга салбий таъсирини олдини олиш мақсадида ҳукуматлар даражасида самарали ҳамкорлик қилиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот сўнгида Президентлар бир-бирини ҳамда қардош Ўзбекистон ва Туркманистон халқларини кириб келаётган баҳор, бахт-саодат ва янгиланиш айёми — Наврўз билан самимий қутлади.

Ушбу файзли байрам асрлар оша мустаҳкам дўстлик, тарихи ва маданияти муштараклиги, тили, анъана ва урф-одатлари ўхшашлиги билан чамбарчас боғланган халқлар маънавий ҳаётининг ажралмас қисми экани қайд этилди.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик, эзгулик ва фаровонлик тилади. Бугунги мушкул даврда Туркманистон ҳар томонлама кўмаклашишига ва янги хавф-хатарларни биргаликда бартараф этишга тайёр экани алоҳида таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 18 март куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев билан ҳам коронавирус бўйича вазиятни муҳокама қилган эди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халққа мурожаат қилдиҳамда Ўзбекистонда коронавирус сабабли зарар кўриши мумкин бўлган соҳаларда солиқ таътиллари берилиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 18 нафарга етди. Маълум бўлишича, 11 март куни Франциядан қайтган, Ўзбекистондаги расман биринчи коронавирус ташувчисига айланган олий тоифали шифокор аёлнинг онаси, келини ва бирга ишлайдиган ҳамкасбида ҳам коронавирус аниқланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!