Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимлари иш ҳақи миқдорини ошириш ҳақидаги қарорни имзолади

Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимлари иш ҳақи миқдорини ошириш ҳақидаги қарорни имзолади

Президент Шавкат Мирзиёев «Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилди.

Қарорга мувофиқ, давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари 2018 йил 1 декабрдан 1,2 баравар ва 2019 йил 1 апрелдан 1,15 баравар босқичма-босқич оширилади.

Мутасадди идоралар 2019 йил 1 июлгача бўлган муддатда тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича қуйидагиларга йўналтирилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади:

Давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг лавозимига ва малакасига, кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг мураккаблик ва жавобгарлик даражаси, шунингдек, даволаш-профилактика муассасалари ихтисослигига қараб базавий лавозим маошларини жорий этиш;

Тиббиёт ходимлари фаолиятини ва меҳнати унумдорлигини баҳолашнинг замонавий усулларини, шу жумладан, даволанган беморлар электрон статистикасини босқичма-босқич татбиқ этиш ва беморлар ўртасида онлайн сўровлар ўтказиш орқали жорий этиш;

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш, улар бажарадиган ишлар сифати, эришиладиган натижалар ва кўрсатилган тиббий хизматларга жамоатчилик томонидан берилган баҳоларга қараб уларга ҳақ тўланишини таъминлаш;

Тиббиёт муассасалари раҳбарларига алоҳида ўрнак кўрсатган врачларга Тиббиёт ташкилотларини моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тариф ставкасининг 100 фоизигача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар белгилаш ҳуқуқини бериш.

Ҳужжат билан Соғлиқни сақлаш, Молия ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликларининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ривожлантириш ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Manba: daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!