Шавкат Мирзиёев: "Сизлар буни билмайсизлар, илоҳим, билманглар ҳам"

Шавкат Мирзиёев: "Сизлар буни билмайсизлар, илоҳим, билманглар ҳам"

Президент 15 январ куни Тошкент шаҳри туманларининг сектор раҳбарлари ва фаоллар билан мулоқот қилди. Юнусобод туманини ривожлантириш дастурлари муҳокама қилинди.

Kun.uzнинг хабар беришича, Юнусобод туманини 2021–2022 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган.

Саноат ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш йўналишида умумий қиймати 14,4 триллион сўмлик 141та йирик ва ўрта инвестиция лойиҳаси шакллантирилган.

Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг бу туманида ҳали катта имкониятлар борлигини билдирди.

«Агар мендан Юнусобод тумани ўз имкониятидан тўлиқ фойдаланяптими, деб сўрасангиз, давлат раҳбари сифатида «йўқ» деб жавоб бераман. Бу туманнинг ялпи ички маҳсулотини икки карра оширишимиз керак. Бунинг учун барча имкониятлар бор.

2020 йилда 450 млрд сўм тушум қилинган, 2021 йилда 721 млрд сўм режалаштирилибди. Лекин мен сизларни ишонтириб айтаманки, Юнусобод тумани бемалол 1 трлн.лик маррани забт эта олади.

Ана шунда биз бемалол барча муаммоларни ҳал қила оламиз. Чунки иқтисодий масалаларни ҳал қилгандан кейингина ижтимоий муаммоларни ечишга имкон бўлади.

Вақт шиддат билан ўтиб кетяпти. Кечагина янги йилни нишонлагандик, бугун 15 январ. Яқинда Наврўз байрамини нишонлаймиз, кейин Мустақиллик байрами келади. Бирпасда йил тугаб қолади. Биз ўз олдимизга қўйган масалаларни еча олишга улгуришимиз керак.

Мана, 15 кун ўтиб ҳам на қор, на ёмғир ёғди. Кўпчилик Тошкент шаҳрида ишлаб қийинчиликдан нолийди. Мен қурғоқчиликдан хавотирланиб, ҳар куни вилоятлар билан гаплашиб турибман. Мана, қандай муаммолар бор? Сизлар буни билмайсизлар, илоҳим билманглар ҳам», – деди давлат раҳбари йиғилганларга қарата.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!