Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг янги Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг янги Президенти билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 март куни Қозоғистон Республикаси Президенти Касим-Жомарт Токаев билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Касим-Жомарт Токаевни Қозоғистон Республикаси Президенти лавозимига киришгани муносабати билан самимий табриклаб, давлат раҳбари лавозимидаги фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Бу Қозоғистоннинг атоқли ўғлони, Биринчи Президенти Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг, бутун Қозоғистон халқининг янги Президентга ишончи юксак эканининг навбатдаги ёрқин далилидир.

Қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари изчил мустаҳкамланаётгани, стратегик шериклик муносабатлари янги босқичда ривожланиб, кўп қиррали амалий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинган ўтган йилда товар айирбошлашнинг рекорд кўрсаткичларига эришилди, иқтисодиётнинг турли тармоқларида янги кооперация лойиҳалари амалга оширилди, икки мамлакат бизнеси ва ҳудудлари даражасидаги мулоқот, жумладан, маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашди.

Жорий йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган Қозоғистон йили доирасида тадбирларга бой қўшма режа қабул қилинди.

Мулоқотда давлат раҳбарлари олий даражада эришилган келишувларни кенг миқёсда амалга ошириш муҳим эканини қайд этдилар.

Минтақавий ва халқаро сиёсатнинг бошқа долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Касим-Жомарт Токаев самимий тилаклар учун чуқур миннатдорлик билдирди ва олий даражадаги фаол мулоқотни давом эттиришга тайёр эканини таъкидлади.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари баҳор айёми Наврўз муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, шунингдек, қардош мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги, бутун минтақа тинчлиги ва равнақи йўлида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш борасида интилишлари қатъий эканини тасдиқладилар.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!