Шавкат Мирзиёев ночор оилаларни суд божидан озод этишни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёев ночор оилаларни суд божидан озод этишни таклиф қилди

Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь, сешанба куни ўтказилган видеоселекторда одил судлов таъминланмаган, коррупция авж олган давлатга ҳеч қандай тадбиркор, инвесторда ишонч бўлмаслиги ҳақида гапирган. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Давлат раҳбари аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан ортиғи ёки 44 фоизида судларда иш тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётганини айтиб ўтди. Хусусан, Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм вилоятларида аҳолининг аксарият қисми судлар фаолиятидан норози. Қоровулбозор ва Ховос туманларида ойлаб суд ишлари кўрилмаган. Бундан ташқари, туман ва вилоят иқтисодий суди чиқарган қарорлар юқори судда ўзгараётгани, тадбиркор ва инвесторлар сарсон бўлаётганидан далолат беради.

Маълум қилинишича, йиғилишда 20 миллион доллардан ортиқ маблағ киритган инвесторлар фаолиятида суд жараёни билан боғлиқ муаммо кузатилган тақдирда ишни тўғридан-тўғри Олий судда кўриш, ночор оилаларни суд божидан озод қилиш таклиф қилинди. Шунингдек, ҳар бир вилоят судида ахборот хизмати фаолиятини ташкил қилишга эҳтиёж сезилаётгани маълум қилинди.

Президент суд тизимини ислоҳ қилиш ҳақида гапириб, келгусида бирор-бир судьяни ҳудудларда ваколати доирасидан ташқарида бўлган ишларга жалб қилмаслик талабини қўйди. Таъкидланишича, шу вақтга қадар судьялар қишлоқ хўжалик ишларига ҳам жалб қилинган.

Айни вақтда мамлакатда судьяларнинг 14 фоизи хотин-қизлар ҳисобланади. Президент ушбу соҳада ҳам гендер тенглигига эътибор қилиш таклифини билдирган.

Шунингдек, йиғилишда вазирликларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизимини ишга тушириш, мутасаддиларга илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини «бир суд — бир инстанция» тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди. Инсон ҳуқуқлари маркази, Омбудсман, Тошкент давлат юридик университетига «Инсон қадр-қиммати — энг олий қадрият» махсус ўқув модули бўйича барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитиш вазифаси юклатилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!