Шавкат Мирзиёев Instagram`даги энг машҳур сиёсатчилар рейтингига кирди

Шавкат Мирзиёев Instagram`даги энг машҳур сиёсатчилар рейтингига кирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Instagram ижтимоий тармоғида энг кўп кузатувчиларга эга сиёсатчилар рейтингидан жой олди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати «Газета.uz"га BCW (Burson Cohn & Wolfe) халқаро пиар-агентлиги ўтказган тадқиқот якунлари бўйича хабар қилди. Агентлик ўзининг «Дунё раҳбарлари Instagram`да» деб номланган тадқиқотида ижтимоий тармоқдаги 426 та расмий аккаунтни таққослаб чиқди.

Шавкат Мирзиёев аккаунти кузатувчилар сони бўйича МДҲда иккинчи ўринни эгаллади. Тадқиқот ўтказилган вақтда Ўзбекистон президентини кузатувчилар сони 831,7 минг бўлса, айни вақтда бу кўрсаткич 1 миллиондан ошди. Биринчи ўринни Россия бош вазири Дмитрий Медведов 2,91 миллион кузатувчи билан банд этди.

Биринчи бешталикдан Озарбайжон президенти Илҳом Алиев (243 минг), Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков (163 минг), Украина президенти Пётр Порошенко (159 минг) ва Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сагинтаев (77,9 минг) эгаллади.

Ўзбекистон президенти саҳифасига Германия канцлери Ангела Меркель (772 минг), Сингапур бош вазири Ли Сянлун (358 минг) ва  Буюк Британия бош вазири Тереза Мей (103 минг) каби сиёсатчилар аккаунти кузатувчиларидан кўпроқ киши обуна бўлган.

Дунё рейтингида биринчи ўринни Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 15 миллионлик обуначи билан бошқармоқда. Кейинги ўринда эса Индонезия президенти Жоко Видодо (12 миллион) ва АҚШ президенти Дональд Трамп (10 миллион) бормоқда.

Тадқиқотга кўра, сўнгги йилда Ўзбекистон президенти саҳифасига рус тилида 793 та пост, жумладан 747 та фотосуратли, 46 та видеоли пост жойлаштирилган. Эълон қилинган сурат ва видеоларга жами 8,42 миллион «лайк» босилган ва 10,7 минг изоҳ қолдирилган.

Manba: gazeta.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!