Шавкат Мирзиёев Human агентлигидан жабрланган мингдан ортиқ фуқаронинг пулларини давлат ҳисобидан қайтариш ҳақида кўрсатма берди

Шавкат Мирзиёев Human агентлигидан жабрланган мингдан ортиқ фуқаронинг пулларини давлат ҳисобидан қайтариш ҳақида кўрсатма берди

Human хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан жабрланган фуқаролар бош вазир Абдулла Арипов билан учрашув ташкил этилишини талаб қилиб, 17 февраль куни Тошкентдаги Мустақиллик майдонига тўпланди. «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовнинг хабар беришича, жабрланувчилар бандлик агентлиги томонидан уларга етказилган зарарни тезроқ қоплаб берилишини талаб қилган.

Агентлик раҳбари Шоҳнур Файзуллаев ва бошқалар юзлаб фуқаролардан Германия, Чехия, Япония, Жанубий Корея, Болгария ва Литвага ишга жўнатишни ваъда қилиб, уларнинг ҳар биридан (таклиф этилган ишдан келиб чиққан ҳолда) 6,3 миллион сўмдан 35 миллион сўмгача пул олган, бироқ амалда уларни ҳеч қаерга юбормай, жуда кўп миқдордаги маблағни ўзлаштирган.

Агентлик раҳбарлари худди шу айблов билан судга тортилган, хусусан, 27 январда Human хусусий бандлик агентлигининг раҳбари Шоҳнур Файзуллаев 10 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Суд 1 080 нафардан ортиқ жабрланувчи фойдасига 21,19 миллиард сўмдан зиёд миқдордаги моддий зарарни Шоҳнур Файзуллаев ҳисобидан ундиришни белгилаган эди.

17 февраль куни Тошкентдаги Мустақиллик майдонига тўпланган фуқаролар тергов ва суднинг якунини кута олмаслиги, ишсиз қолгани, айримларининг уйда болалари оч ўтирганини таъкидлаган. Улар давлат томонидан лицензия берилганига ишониб, хусусий агентликка пул топширгани, шу боис энди давлат зарарни қоплашда ёрдам кўрсатиши кераклигини айтган.

Куннинг биринчи ярмида эътироз билан келган фуқаролар билан бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов учрашган. У фуқароларни хотиржамликка чақириб, барча зиддиятли масалаларга қонуний баҳо берилиши, ишни тартиб билан кўриб чиқишни тавсия қилган. Шунингдек, у соат 17:00 да қўшимча учрашув ўтказилишини маълум қилди.

Соат 17:00 даги учрашувда Human хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан жабр кўрган фуқаролар билан Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов учрашди ва саволларга жавоб қайтарди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимов. Бош вазир юзага келган ҳолат юзасидан Президент Шавкат Мирзиёевга ахборот берилганини маълум қилди.

Шундан сўнг, бош вазирнинг таъкидлашича, Президент 1086 нафар жабрланувчига етказилган зарар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасидан қоплаб беришга кўрсатма берган.

Маълум бўлишича, жамғармадан ҳисобидан ажратилган пуллар фуқаролардан фирибгарлик йўли билан олинган маблағлар ҳисобидан ундириб олинади. Human хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан жабр кўрган фуқаролар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 71 200 00 61 ишонч телефони орқали қўшимча маълумот олишлари мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!