Шавкат Мирзиёев эртага Ўзбекистондаги барча давлат ишхоналарида иш соат 10:00 дан бошланишини маълум қилди
Эртага Ўзбекистон–Колумбия ўйини соат 07:00 да бошланади. Халқимиз Ватан жамоасига ўз уйида, яқинлари билан мухлислик қилиши учун қўшимча қулайлик берилмоқда.
Шерзод Икромовичнинг маълум қилишича, “Президентимиз эртанги матчни уйда, оила даврасида, набиралари билан томоша қиладилар. 18 июнь куни барча давлат ташкилотларида иш вақтини соат 10 да бошланишини белгилаб бердилар”.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари халқимизга ўз миннатдорлигини изҳор қилди.
Шерзод Асадов:
“...Алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, хорижий делегациялар вакиллари билан мулоқотлар давомида улар бир фикрни қайта-қайта тилга олишмоқда — Тошкент ва бошқа шаҳарларимизнинг бугунги қиёфаси уларда катта таассурот қолдирмоқда.
Нуфузли халқаро таҳлилларга кўра, Тошкент бугунги кунда дунёдаги энг тез ривожланаётган учинчи шаҳар сифатида эътироф этилмоқда. Бу кўрсаткичда у Шэньчжэнь ва Ар-Риёддан кейинги ўринни эгаллаган.
Меҳмонларимиз алоҳида қайд этаётган яна бир жиҳат — пойтахтимизнинг озодалиги ва халқимизнинг юксак маданияти. Айни пайтда Ўзбекистонда 102 давлатдан делегациялар ҳамда 3 мингга яқин халқаро ташкилот вакиллари меҳмон бўлиб турибди.
Шубҳасиз, бундай йирик халқаро тадбирлар кунларида шаҳар йўлларида муайян ноқулайликлар юзага келиши мумкин. Халқимиз мана шу тадбирнинг аҳамиятини тушунган ҳолда, айниқса, ҳайдовчиларимиз ва шаҳримиз аҳли жуда юксак маданиятини кўрсатишмоқда. Шу фурсатдан фойдаланган ҳолда, барча ободонлаштиришдаги опа-сингилларимиз, барча ҳайдовчиларга, Тошкент аҳли ва меҳмонларга ҳурматли Президентимиз миннатдорликларни етказмоқчиман.“
Шунингдек, Президент матбуот котиби Тошкент инвестиция форуми бўйича энг охирги янгиликларни ҳам баён қилди.
