Шавкат Мирзиёев бугун Тошкентни айланади

Шавкат Мирзиёев бугун Тошкентни айланади

Бугун, 10 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишади ва бир неча объектларга ташриф буюради. 

"Кун" нашрининг хабар беришича, шаҳар бўйлаб айланишдан сўнг Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳри ва туманлари ҳокимлари, мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш ўтказилиши кутилмоқда.

Президент Чилонзор туманида ҳам бўлиб, Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида бунёд этилган йўл ўтказгични фойдаланишга топшириши кутилмоқда.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўприк қурилиш трести» унитар корхонаси мутахассислари томонидан қурилган кўприк бугунга келиб фойдаланишга тайёр ҳолатда. Кейинги кунларда ҳудудда охирги пардозлаш ишлари олиб борилди.

«Бунёдкор» шоҳ кўчаси Тошкент шаҳрининг энг узун, жанубий ва шимолий қисмларини боғлайдиган йўлдир. Мазкур йўналишда доим автомобиллар қатнови тирбанд. Ушбу магистралда жами 9та йўл ўтказгич мавжуд бўлиб, энди уларнинг сони яна биттага кўпайди.

Йўл ўтказгичнинг умумий узунлиги 667,5 метрни ташкил этади. Эстакада қисмининг узунлиги 488,5 метр бўлиб, баландлиги 8, кенглиги 24,5 метрни ташкил этади. Йирик иншоот жами 21та устун оралиғида барпо этилган.

Бу ерда пиёдалар учун ҳам қатор қулайликлар яратилган. Хусусан, умумий узунлиги 124 метр бўлган иккита пиёдалар ўтиш кўприги қурилган, шунингдек, ёши кекса ва ногиронлар учун махсус лифт ҳамда эскалатор ўрнатилган.

Мазкур йўл ўтказгич қурилиши ўтган йилнинг кузида бошланганди. «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 2018 йил февралида йўл ўтказгич 2018 йил май ойида фойдаланишга топширилишини ваъда қилганди.

2018 йил майида эса муддат июнь ойига сурилди.

Август ойи бошида Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари чорраҳасидаги йўл ўтказгич ойнинг биринчи ярмида очилиши ҳақида хабар тарқатиганди.

Маълумот учун, июнь ойида Бунёдкор шоҳ кўчасининг Муқимий кўчаси («Алиев олтин маркази», «Флагман»)дан то Чилонзор кўприги охири (Сингапур менежмент институти)гача бўлган қисми ёпилган ва шундан кейин Чилонзор ҳудудидаги йўлларда муттасил тиқилинчлар ва тирбандликлар юзага келганди. Йўл очилиши орқали бу ноқулайликлар бартараф бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!