Шаҳрисабздаги деҳқон бозорида деҳқонларга ажратилган расталар бўм-бўш, деҳқон эса кўчада савдо қилмоқда

Шаҳрисабздаги деҳқон бозорида деҳқонларга ажратилган расталар бўм-бўш, деҳқон эса кўчада савдо қилмоқда

Шаҳрисабз шаҳридаги Янгикеш деҳқон озиқ-овқат бозори да деҳқон учун ажратилган расталар бўм-бўш, деҳқон эса кўчада савдо қилмоқда. Воқеага Шаҳрисабз шаҳрига сафаримиз давомида гувоҳ бўлдик, дея ёзади turon24.

Жой муаммо бўлгани учун кўчада савдо қилишга мажбур бўлаяпмиз, дейди анор етиштирувчи деҳқон Суннатулла Эргашев. Аммо уч минг сўмдан чек пулини тўлаймиз. Йўқса бизга рухсат беришмаган бўларди .

Баъзи деҳқонларнинг фикрича, бозор ичидаги расталарни асосан савдогарлар эгаллаб олгани учун деҳқонлар кўчани маъқул кўрмоқда.

Биз ҳам барча шароитларга эга расталарда ўтириб савдо қилишни истаймиз, дейди олма сотувчи деҳқон Лола Эралиева. Оёғимиздан нам ўтиб, кўчада ўтиришни истамасдик, албатта. Аммо начора. Асосий жойларни савдогарлар эгаллашган .

Яна бир деҳқон Гулшан Соатованинг айтишича, деҳқонлардан кўчада савдо қилишгани учун ҳам уч мингдан эмас, беш минг сўмдан чек пули йиғишади.

Мен ҳар доим кўчада савдо қилганим учун ҳам беш минг сўмдан чек пули тўлайман, дейди Гулшан Соатова. Деҳқонлар қаерда бўлса шу ер қулайда биз учун. Чунки деҳқон маҳсулотини арзон сотади. Биз ҳам арзон сотиб, тезроқ қайтсак деймиз .

Исмини ошкор қилишни истамаган деҳқоннинг айтишича, бозор ичидаги расталарда деҳқон учун жой йўқ.

Расталарни савдогарлар эгаллаб олиб, ўзлари ҳам ташқарига чиқиб савдо қилишади. Худди деҳқондек , дейди суҳбатдош.

Яна бир исмини очиқламаган суҳбатдош савдогарнинг айтишича, бозор раҳбарияти деҳқон учун ҳам, савдогарлар учун ҳам етарли даражада шароит яратиб берган. Аммо деҳқонлар ҳам, савдогарлар ҳам яхши савдо қилиш мақсадида кўчага чиқиб кетишади.

Мафтуна Нурматова, Баҳром Султонов исмли савдогарларнинг айтишича, бозор расталари талабга жавоб бермайди.

Яратиб берилган шароит талабга жавоб бермаса-да, тирикчилик қилишимиз керак-ку, дейди Баҳром Султонов. Шунинг учун бор имкониятдан фойдаланган ҳолда борига барака қилиб савдо қилаверамиз .

Ҳолат бўйича бозор раҳбариятининг фикри билан қизиққанимизда, раҳбарият деҳқонларга яратиб берилган шароит кўнгилдагидек эканини айтиб, деҳқон ва савдогарларнинг гапини инкор қилди.

Кимдир бозоримизга келиб савдо қилмоқчи бўлса, биз у киши хоҳ деҳқон бўлсин, хоҳ савдогар, албатта раста билан таъминлаймиз, дейди Янгикеш деҳқон озиқ-овқат бозори МЧЖ таъсисчиси Бахтиёр Хуррамов. Қолаверса тарози билан ҳам таъминлаб, сўнгра бир марталик чек берган ҳолда жой учун пул тўлашларини талаб қиламиз. Бозордан ташқарида савдо қилишса ҳеч қандай пул тўлашмайди. Агар бизга пул тўлашса, албатта чек берамиз .

Кўчада савдо қилганимиз учун 3 минг сўм тўлаймиз, ичкарида эса 8 минг, дейди деҳқон Зебинисо Бойназарова. Аммо ҳеч қачон чек беришмайди. Биздек деҳқонлар учун қаер арзон бўлса шу қулай. Чунки маҳсулотимизни арзон нархда сотамиз. Қоладиган даромадимиз жуда кам. Қолаверса тезроқ сотиб кетишни хоҳлаймиз .

Зебинисо Бойназарованинг айтишича, ичкаридаги расталарнинг чек пули қиммат. Бу эса деҳқоннинг чўнтагига зарар.

Бозорда назоратчиларимиз фаолият олиб боради. Чекчи агар савдогарга чек бермаса, назоратчи буни назоратга олади, дейди бозор таъсисчиси Бахтиёр Хуррамов. Савдогар чекка пул тўлагач, чекни ҳам талаб қилиши керак-да. Боиси ўша чек савдогарга ўша куни бозор ҳудудида савдо қилиш ҳуқуқини беради.

Бозор раҳбариятининг айтишича, деҳқонлар кўпинча чек пулини тўлашдан қочиб, бозор ташқарисига чиқиб олишади. Бу эса бозор ташқарисининг ифлосланишига олиб келади.

Биз уларни дайди деҳқонлар деб атаймиз, дейди бозор таъсисчиси Бахтиёр Хуррамов. Чунки уларнинг ёнига чекчи борса улар иккита челагини олиб қочишга тушади. Улар ҳеч қачон чек пулини тўлашмайди. Биз уларни бозор ҳудудидан қувамиз. Бозор ташқарисидаги ҳудуд эгаси эса уларни қувади. Хуллас улар ўртада сарсон. Чунки улар сохта деҳқонлар-да. Энг ёмони бозор ташқариси ифлосланиб кетиши оқибатида ходимларимиз ярим кечаси соат 2 гача кўча тозалашга мажбур бўлишади .

Ўша кунги кузатувларимизга кўра бозор ичкарисида ҳам савдогарлар растани ташлаб, маҳсулотларини йўлакчаларга қўйган ҳолда савдо қилишмоқда.

Кўпинча харидор растадан савдо қилгандан кўра йўлакда юриб кетар чоғи йўлидан чиққан маҳсулотни олишга одатланган, дейди Бахтиёр Хуррамов. Шунинг учун ҳам савдогарларимиз йўлакларга чиқиб кетишади .

Бозор раҳбариятинг маълум қилишича, бозорда 400 та тадбиркор фаолият юритади. Бозорда 900 ўринга мўлжалланган раста бўлиб, бозор даромадидан маҳаллий бюджетга ҳар ой 350 миллион сўм маблағ тушади.

10 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағи эвазига бозорни қайта қурмоқчимиз, дейди бозор раҳбарияти. Яқин кунларда қурилиш ишлари бошланиб, бозорни 2019 йилнинг март ойида фойдаланишга топширишни режалаштираяпмиз .


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!