Шаҳрисабзда масжид олдида ўғрилик қилаётган шахс қўлга олинди

Шаҳрисабзда масжид олдида ўғрилик қилаётган шахс қўлга олинди

11 март куни соат тахминан 13:00 ларда наманганлик А.А. Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур хиёбонида жойлашган Ҳазрати Имом жоме масжидига пешин намозини ўқиш учун келган маҳаллий зиёратчи 1956 йил туғилган фуқаро М.И.нинг Nexia русумли автомашинасини қўлидаги темир жисм билан очиб, қимматбаҳо буюмларни олмоқчи бўлган вақтида ушланган. Бу ҳақда Дарё га Қашқадарё вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вилоят ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йил 7 март куни Қашқадарё вилояти ИИБга Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг Call center алоқа оператори мурожаат қилиб, Шаҳрисабз шаҳри Амир Темур хиёбонида жойлашган Ҳазрати Имом жоме масжиди атрофида юзига қора рангли ниқоб тақиб олган шубҳали шахс юрганлигини маълум қилган. Шубҳали шахснинг кимлигини аниқлаш, нима мақсадда келганлигини билиш ва унинг ҳаракатланиш йўналишларини ўрганиш мақсадида тезкор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан 3 кун давомида кузатув ишлари олиб борилганида, билдиргида кўрсатилган юзига қора рангли ниқоб тақиб олган шубҳали шахс 1979 йилда Наманган вилоятида туғилган, Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқаро эканлиги аниқланган ва жиноят устида қўлга олинган.

Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Ҳазрати Имом жоме масжидига пешин намозини ўқиш учун келган фуқаролар У.Ш ва Х.Қ.ларнинг автомашиналари салонидаги 138 000 сўм пуллар А.А. томонидан ўғирлангани маълум бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан 12 март куни А.А.га нисбатан ЖКнинг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) ҳамда 169-модданинг (Ўғрилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!