Шаҳрисабзда 2020 йилнинг 5-10 сентябрь кунлари иккинчи Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади

Шаҳрисабзда 2020 йилнинг 5-10 сентябрь кунлари иккинчи Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида 2020 йилнинг 5-10 сентябрь кунлари II Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, бош вазир 2020 йил 30 июнда II Халқаро мақом санъати анжуманига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита мажлисини ўтказган. Йиғилишда ушбу анжуманнинг иккинчи марта ўтказилишига тайёргарлик кўриш, хорижий иштирокчиларни янада кўпроқ жалб этиш ва уларга мақом санъати тўғрисида кўпроқ маълумот бериш, анжуман географиясини янада кенгайтириш зарурлиги, иштирокчиларни бой маданий мерос, санъат, урф-одатлар билан яқиндан таништириш масалалари муҳокама қилинган.

Айни пайтда Шаҳрисабзда ушбу нуфузли анжуманни юқори савияда ташкил этиш учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Анжуманни юқори савияда ўтказиш бўйича ташкилий гуруҳ шакллантирилиб, тегишли ташкилотларга бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган.

Таъкидланишича, анжуман доирасида ўтказиладиган барча тадбирлар, тайёргарлик жараёнлари, ҳудудлардан ташриф буюрувчиларнинг иштироки санитария-гигиена талабларига риоя қилинган ҳолда ташкил этилади. Хорижлик иштирокчилар учун Ўзбекистонга кириш визалари консуллик йиғимларини ундирмасдан расмийлаштириб берилади.

Халқаро мақом санъати анжуманининг иккинчи марта ўтказилиши Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 26 февралда имзоланган фармойишида белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, биринчи халқаро мақом санъати анжумани 2018 йилнинг 6—10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий марказида ўтказилган. Унда жаҳоннинг 75 мамлакатидан яккахон хонандалар, фольклор жамоалари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!