Сеул шаҳрида даволанаётган ўзбекистонлик А.Оқиловга суғурта бадали берила бошланди

Сеул шаҳрида даволанаётган ўзбекистонлик А.Оқиловга суғурта бадали берила бошланди

Жанубий Кореянинг Сеул шаҳар шифохонасида даволанаётган ўзбекистонлик Абрам Оқилов соғлиғи барқарорлашаётгани ҳақида аввал хабар берган эдик. А.Оқилов ҳозирги ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумот берди, деб ёзади "human.uz".

Вазирликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси томонидан Сеул шаҳар шифохонасида бир неча ойдан буён даволаниб келаётган Ўзбекистон фуқароси Абрам Оқиловга ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

“Мазкур режа асосида Агентлик ваколатхонаси томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида Сеул шаҳар ишлаб чиқариш жараёнидаги бахтсиз ҳодисаларни компенсациялаш Хизмати қарори билан Абрам Оқиловга суғурта бадали берила бошланди”, дейилади хабарда.

Хусусан, 29 апрель ҳолатига кўра шифохона харажатлари ва меҳнат лаёқати йўқотилгани учун суғурта компанияси томонидан 157000 АҚШ доллари миқдорида бадал пули ва 2018 йил июлидан ноябргача бўлган иш ҳақининг 70 фоизи тўланди. Бундан ташқари, Абрам Оқиловнинг акасига Кореяда бўлган даври учун сарфлаган харажатларини қоплаш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Таъкидлаш жоизки, 17 майдаги музокаралар натижасида иш берувчи ҳам етказилган зарар учун бадал пули тўлашга тайёрлигини билдирди.

Айни пайтда Абрам Оқиловни Ўзбекистонга транспартировка қилиш учун шифохонанинг чиқиш рухсатномасини бериши кутилмоқда. Рухсатнома олиниши билан бемор Ўзбекистонга олиб келинади. Ҳозир Абрам Оқиловнинг ҳолати барқарор. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси Абрам Оқилов иши бўйича Кореянинг тегишли ташкилотлари билан музокараларни давом эттирмоқда. Агентлик ваколатхонаси масъуллари беморнинг шифохонадаги яқинлари билан доимий равишда боғланиб турибди, деб ёзади манба.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!