Сертификатга эга ёғ таркибида совун қолдиғи аниқланди

Сертификатга эга ёғ таркибида совун қолдиғи аниқланди

Фарғона вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати маркази Марғилон шаҳрида пластик идишларда қадоқланган “Antiqa olam” пахта ёғи таркибида совун қолдиғи мавжудлиги, шунингдек, кислота миқдори ҳам меъёрдан ортиқлигини аниқлади. Бу ҳақда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашма раиси ўринбосари Ғайрат Маматқулов маълум қилди.

"Ҳудудий бирлашмага 14 ноябрь куни Марғилон шаҳрида яшовчи фуқародан ариза тушди. Истеъмолчи савдо дўконларида сотилаётган “Antiqa olam” пахта ёғининг қадоқланган қоғозида оғирлиги ва ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ёзилмаганидан шикоят қилган. Фуқаро пахта ёғининг истеъмолга яроқлилигини текшириб беришимизни сўради, – деди Ғайрат Маматқулов. – Унинг талаби асосида вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати марказига сўров юборилди. ДСЭНМга лаборатория таҳлили учун юборлиган ўсимлик ёғи таҳлилдан ўтказилди”.

Мурожаатни ўрганиш мақсадида бирлашма ходимлари дўкондан ушбу ёғни сотиб олиб, Фарғона синов ва сертификатлаш маркази давлат корхонаси ҳамда вилоят ДСЭНМга ўрганиш учун тақдим этган.

Вилоят ДСЭНМ санитария-гигиена лабораториясининг 19 ноябрдаги 764-сонли таҳлил баённомасига кўра, намуна санитария қоида ва меъёрлари 0283-10 ва ГОСТ 5480 талабига мос эмас, яъни намуна таркибида совун қолдиғи мавжуд ва кислота миқдори меъёрдан ортиқ. ДСЭНМ “Antiqa olam” пахта ёғини истеъмол учун яроқсиз, дея хулоса берган.

Фарғона синов ва сертификатлаш маркази давлат корхонасининг намуна танлаш ва идентификациялаш далолатномасида мазкур ўсимлик ёғи ташқи кўриги хулосалари келтирилган. Унга кўра, пахта ёғи ёрлиғи O‘zDSt 816:2015 давлат стандартининг 5.3.1 банди талабларига номувофиқ бўлиб, барча ёритилиши лозим бўлган маълумотлар тўлиқ ёритилмаган. Маҳсулот миқдори, меъёрий ҳужжат белгиси (O‘zDSt 816:2015) ёрлиқларда кўрсатилмаган, маҳсулотнинг энергетик қийматлари нотўғри ёзилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарорида кўрсатилган “Чакана савдо қоидалари”нинг 37-банди бузилган ҳолда маҳсулот вазни ҳақидаги маълумот маълум қилинмаган.

Ишлаб чиқарувчилар “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддаси талабларини қўпол равишда бузган. Қонунга кўра, ишлаб чиқарувчи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товарлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Товар ҳақидаги маълумотда қуйидагилар кўрсатилиши лозим: товар мажбурий талабларига мувофиқ келиши шарт бўлган норматив ҳужжатнинг номи; товарнинг асосий истеъмол хусусиятлари, шу жумладан, ўзига хос хусусиятлари рўйхати.

“Корхонамиз 2015 йилнинг июнь ойида ташкил топган. Биз ёғни Туркманистондан олиб келиб, қадоқлаш билан шуғулланамиз. Корхонамизда кунгабоқар ёғи, туз, ун, чой, томат пастаси каби маҳсулотлар ҳам қадоқланади”, дейди “Antiqa olam” ўсимлик ёғини ишлаб чиқарувчиси “Shaxriyor Еlyor” оилавий корхонаси раҳбари Шаҳриёр Дониёров.

“Shaxriyor Еlyor” корхонаси 2017 йил 14 февраль куни Бухоро синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонасининг мувофиқлик сертификатини олган. 2018 йил 7 август куни эса корхонага Ўзбекистон Республикаси сертификатлаштириш миллий тизимининг мувофиқлик сертификати берилган. Мазкур тадбиркорлик субъектига Бухоро шаҳар ҳокимлигининг улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланишга рухсат берувчи лицензияси 2018 йил 14 март куни тақдим этилган.

“Бир ва беш литрли пластик идишларга қадоқланган “Antiqa olam” пахта ёғининг истеъмолга яроқсиз чиққани ҳақида эшитдик, – дейди корхона раҳбари Шаҳриёр Дониёров. – Ўша сифатсиз маҳсулотларни биз тайёрламаганмиз. Кимдир бизнинг бренддан фойдаланиб, шу ишни қиляпти. Бу ҳақда 15 кун аввал Бухоро вилояти иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига ариза билан мурожаат қилдик. Битта шундай яширин цех топилди. У ерда фақат 5 литрли ёғ қадоқланар экан. Яна бир фирибгар тадбиркор Навоий вилоятига худди шундай ёғ қадоқлаб жўнатибди”.

Ҳозир мазкур ҳолатни Бухоро вилояти иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ўрганмоқда.

Manba: turon24


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!