Сердар Бердимуҳамедовнинг "рақиблари" сони 9 кишига етди

Сердар Бердимуҳамедовнинг "рақиблари" сони 9 кишига етди

Туркманистон президентлигига номзодлар сони 9 кишига етди: ҳар бир партиядан ҳамда бешта вилоят ва Ашхободдан бир нафардан номзод кўрсатилди, деб ёзади «Хроника Туркменистана».

21 февраль куни Тошҳовуз вилоятида Туркманистоннинг амалдаги президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли, бош вазир ўринбосари, президентликка Демократик партиядан номзоди кўрсатилган Сердар Бердимуҳамедов билан сайловчиларнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Йиғилганларга номзоднинг таржимаи ҳоли тақдим этилган.

Учрашувда Сердарнинг ўзи 11 февраль куни Халқ Маслаҳати йиғилишида Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан маъқулланган мамлакатни ривожлантиришнинг 30 йиллик дастури ҳақида гапирган. Номзод, шунингдек, аҳолининг юқори турмуш даражасини таъминлашга, мамлакатнинг бошқа ҳудудлари қатори Тошҳовуз вилоятига ҳам катта эътибор қаратишга ваъда берган.

«Президент Гурбангули Бердимуҳамедов ташаббуси билан амалга оширилаётган бунёдкорлик ислоҳотлари келажакда ҳам давом этади», — деди Сердар Бердимуҳамедов.

Туркманистон давлат ахборот агентлигининг қайд этишича, президентликка номзодларнинг учрашувлари давом этмоқда. Сайловга қолган вақт ичида олий давлат лавозимига номзодлар ўз сайловчилари билан бир неча марта учрашиши керак бўлади.

Бироқ ҳозирча давлат матбуоти бошқа номзодларнинг сайловчилар билан учрашуви ҳақида хабар бермаяпти. Бундан ташқари, Сердарда биринчи рўйхатга олинган номзод сифатида, аҳоли билан учрашиш учун бошқа номзодларга қараганда кўпроқ вақт бор, деб таъкидлайди нашр.

Эслатиб ўтамиз, 11 февраль куни Туркманистон парламенти олий палатасининг навбатдан ташқари йиғилишида мамлакатни 15 йилдан бери бошқариб келаётган Гурбангули Бердимуҳамедов раҳбарликни ёшларга топшириш ва фаолиятини Халқ маслаҳати раиси сифатида давом эттириш ниятини маълум қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!