Сайёр қабуллар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқаролар учун айни муддао бўляпти

Сайёр қабуллар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқаролар учун айни муддао бўляпти

Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов томонидан фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказиб келиняпти.

Хусусан, шу бугунга қадар Яшнобод, Юнусобод, Мирзо Улуғбек туманларида ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқаролар учун сайёр қабуллар ўтказилди.

Бугун Бектемир туман ҳокимиятида бўлиб ўтган галдаги сайёр қабулда эса судьялар Бектемир фуқароларининг мурожаатларига қулоқ тутишди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Садоқат Аллаберганова хабар қилди.

Сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Шухрат Аббасов, жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди раиси Эльза Шамсутдинова, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси Беҳзод Сагатов ва Тошкент шаҳар суди судьяси Ғайрат Машкуров, туман судьялари фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишди.

Сайёр қабулда жами 28 нафар фуқаролар қабул қилинди.

Қабул қилинган фуқароларнинг 9 нафари жиноят ишлари бўйича, 18 нафари фуқаролик ишлар бўйича, 1 нафари маъмурий ҳуқуқбузарликка оид мурожаатларни ташкил этади.

Шундан 22 нафар фуқаронинг оғзаки, 6 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

Жами 28 та мурожаатлардан 22 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 6 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди.

Шунингдек, сайёр қабул доирасида ўтган сайёр судда жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди раиси Эльза Шамсутдинова, туман судьялари Фарҳод Абдушукуров, Умиджон Хакимов томонидан 6 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.

Жумладан, 63 ёшли маҳкумга нисбатан тайинланган озодликни чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш тўғрисидаги тақдимнома ҳам кўриб чиқилди.

Мазкур иш бўйича маҳкум тақиқланган экинларни етиштириш ва гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказишга суиқасд қилиш жинояти билан айбли деб топилиб, 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

2019 йилда 2017 йилдаги ҳукм ўзгартирилиб, 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

2020 йилда эса ўталмай қолган 2 йил 13 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

— Жазони ўташ даврида ўзимнинг жиноий қилмишларимни тўлиқ англаб етдим. Тузалиш йўлига қатъий ўтдим. Шу бугунга қадар белгиланган тақиқлар, чекловлар ва мажбуриятларга тўлиқ амал қилиб келдим. Ҳатто яшаш жойимдан ҳам ижобий тавсифнома берилган. Бугун бўлиб ўтган сайёр қабулда жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди томонидан жазо муддатининг 1 йил 4 ой 6 кунини ўтаганлигимни инобатга олган ҳолда менга нисбатан тайинланган озодликни чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиндим. Бундан буён боши берк кўчаларга қадам босмаймиз, - дейди маҳкум.

Эслатиб ўтамиз, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаб, жойида ижобий ҳал этиш, керакли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар суди раисининг навбатдаги сайёр қабули 20 май куни соат 10:00 да Сирғали ва Янгиҳаёт туманлари фуқаролари учун бўлиб ўтади.

Сайёр қабуллар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқаролар учун айни муддао бўляптиСайёр қабуллар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқаролар учун айни муддао бўляптиСайёр қабуллар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқаролар учун айни муддао бўляптиСайёр қабуллар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқаролар учун айни муддао бўляптиСайёр қабуллар ҳуқуқий кўмакка муҳтож фуқаролар учун айни муддао бўляпти


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!