Сайр иштиёқмандимисиз? Унда кўркам Йедигўллер миллий боғини кўришингиз шарт!

Сайр иштиёқмандимисиз? Унда кўркам Йедигўллер миллий боғини кўришингиз шарт!

Ғарбий Қораденгиз минтақасидаги Болудан 42 км узоқликда ва Шимолда Зонгулдакнинг жанубида жойлашган ушбу миллий табиат боғига Анқара-Истанбул автомагистралининг 152 километрдаги Йеничағадан ҳамда 190 кмдаги Болудан ажратилган йўллар орқали бориш мумкин. 1642 гектар майдонни эгаллаган Йедигўллер ҳавзаси 1965-йилда миллий парк сифатида қарамоғига олинган. Ҳавза шимолдан жанубга 1500 м узоқликда жойлашган 7 та кўлдан иборат жойлашган бўлиб, бир-бири билан ер усти ва ер ости оқимлари билан туташган бўлиб, водийларни тўсувчи силжиш массалари натижасида ҳосил бўлган. Йедигўллер миллий боғида жойлашган "Кўйери" манзилидаги Византия даврига оид қолдиқлардан бу ҳудуднинг қадимги даврларда аҳоли яшаш пункти бўлганлигини англаш мумкин.

Миллий боғда Буюкгўл, Серингўл, Дерингўл, Назлигўл, Кучукгўл, Инжегўл ва Сазлигўл каби 7 та кўл мавжуд. Бу кўллар икки платода жойлашган бўлиб, улар орасидаги баландлик фарқи 100 метрни ташкил қилади. Ўртача 780 метр баландликдаги платода жойлашган кўлларнинг энг каттаси Буюкгўлдир. Унинг энг чуқур нуқтаси - 15 метр. Буюкгўлнинг жануби-шарқидаги Дерингўл 20 метр узунликдаги оқадиган қисми билан Буюкгўл билан боғланган. Йедигўллерда жонли гулмоҳи балиғини етиштириш учун Буюкгўл наслчилик мақсадларида ишлатилади. Бу ерда 1969-йилда Туркиядаги биринчи гулмоҳи балиғи етиштириш станцияси ташкил этилган.

Серингўл кўли Буюкгўлнинг шимолида жойлашган.

Бошқа платодан 100 метр баландликда жойлашган платонинг энг кенг кўли Назлигўлдир. У "Шаршара кўли" деб ҳам аталади, чунки унинг тубидан оқиб чиқаётган кўп миқдордаги сув кўлнинг шимоли-шарқида сув юзасига кўтарилиб, шаршара пайдо бўлишига олиб келади. Сазлигўл, Инжегўл ва Кучукгўл ҳам худди шу платода жойлашган. Шимолдан жанубга тушадиган минтақадаги энг баланд жой 1488 метр билан Эйрикириш тепалигидир ва энг паст нуқтаси эса 465 метр билан Киразчати ҳисобланади.

Йедигўллер миллий боғи илмий тадқиқотлар учун кучли инфратузилмага эга. Кўплаб ўсимлик турларини ўз ичига олган ушбу табиат паркида Туркиянинг энг гўзал, бепоён, табиий ўрмонлари мавжуд. Асосий дарахт турлари бўлган олха, қайин, эман, терак, чинор, қайрағоч, тоғай, сариқ ва қора қарағай, арча, финдиқ, жўка ва кул дарахтлари ҳам баланд, ҳам пояси силлиқдир. Шунингдек, қизил китобга киритилган ўсимлик турлари ҳам мавжуд. Ёввойи ҳайвонлардан айиқ, тўнғиз, бўри, тулки, сувсар, олмахон, буғу ва қуён; қушлардан ёввойи ўрдак, ёввойи каптар ҳамда каклик бор. Бундан ташқари, миллий боғ ҳудудида 100 дан ортиқ қуш турлари аниқланган.

Бу хусусиятлари билан Йедигўллер миллий боғи табиий Жаннат кабидир. Ҳар йили май-сентябр ойларида Буюкгўл ва Дерингўлда маълум тўлов эвазига балиқ тутиш билан шуғулланиш мумкин. Кўлларда кўл гулмоҳи балиғи ва камалак гулмоҳи балиғи турлари мавжуд. Йедигўллер миллий боғидаги “Капанкая манзара айвони”га чиқиш орқали кўлларни ва бетакрор манзара гўзалликларини кўриш мумкин. Шунингдек, бу йўналишда тарихий “Хотира дарахти” ҳам бор. Бундан ташқари, миллий боғдаги кийик етиштириш фермасига ташриф буюришингиз мумкин.

Сокин ва осойишта тузилмаси, гўзал манзаралари, ранг-баранг рельефлар, пиёдалар йўлаклари, шаршаралар, турли ўсимликлар ва дарахтлар билан безатилган ёнбағирларида сайр қилиш, дам олиш, суратга олиш, спорт билан шуғулланиш ва кемпинг каби кўнгилочар машғулотлар ушбу паркга ташриф буюрувчи маҳаллий ва чет эл туристлари томонидан севилиб амалга оширилади. Шуни ҳам таъкидлаш мумкин-ки, ушбу кўркам табиат боғидаги 1 гектар майдонда чодир ёки карвонларда ҳам туришингиз мумкин. Паркга ташриф буюриш учун аъло вақт апрелдан ноябргача. Миллий боғ ҳудудида 18 турар жой ва ресторан хизматлари кўрсатадиган жами 72 ўринли бунгалов уйлари туристлар хизматига доимо шай.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!