Сайлов тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик мавжудми?

Сайлов тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик мавжудми?

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ, мамлакат фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Тенг сайлов ҳуқуқи, сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлади. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

2019 йил 25 июнь куни мамлакат ижтимоий –сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган сайловларни ўтказишнинг бош таомили- Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодекси қабул қилинди. Ушбу кодекснинг ҳуқуқий аҳамияти шундан иборатки, сайлов тизимини ислоҳ қилиш, унинг йўналишини ўзгартириш билан боғлиқ нормалар киритилди. Мазкур кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларини белгилайди.

Энди саволга тўхталсак, мамлакатимизда сайлов тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилганми?

Ўзбекистон Республикасида ҳам сайловчиларга сайлов ҳуқуқи тақдим этилиши билан бир қаторда уларнинг ушбу ҳуқуқларига дахл қилганлик, сайлов тўғрисидаги қонунчилик нормаларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Жумладан, Сайлов кодекси 103-моддасида сайлов тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг V1 бобида сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга биноан Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашганлик учун, уларнинг қарорларини ижро этмаганлик учун, номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузганлик учун, сайловолди ташвиқотини, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузганлик учун, номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатганлик ва бошқалар учун жавобгарлик мавжуд.

Шунингдек, қонунчиликда сайлов ҳуқуқларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган. Амалдаги Жиноят кодексининг 146-моддасига асосан, сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун, 147-моддасига асосан эса, сайлов ҳуқуқининг ёки ишончли вакил ваколатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қилиш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Абдурасул Миножиддинов, Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!