Саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши тўғрисидаги ҳужжатдан уч кишининг исми сирли равишда ғойиб бўлди

Саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши тўғрисидаги ҳужжатдан уч кишининг исми сирли равишда ғойиб бўлди

АҚШ Миллий разведкасининг саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши тўғрисидаги ҳисоботидан уч кишининг исми сирли равишда ғойиб бўлди, дея хабар бермоқда CNN.

CNN ҳисобот эълон қилинганидан кўп ўтмай ҳужжатнинг асл нусхаси ҳеч қандай изоҳсиз янгисига алмаштирилганига эътибор қаратди. Дастлаб журналистни ўлдиришда айбланган уч кишининг исмлари ҳужжатдан ғойиб бўлди.

Миллий разведка директорининг идораси ҳужжат алмаштирилганлигини тасдиқлади. Бўлим ҳисоботнинг асл нусхасида «хато билан киритилиши шарт бўлмаган учта исм бор» деб айтди ва қўшимча изоҳ беришдан бош тортди.

Эслатиб ўтамиз, 26 февраль куни АҚШ Миллий разведкаси Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ас-Сауд саудиялик журналист Жамол Қошиқчини ўғирлаш ёки ўлдириш бўйича операцияни қўллаб-қувватлашда айбланган ҳисоботини эълон қилди.

Шундан сўнг АҚШ маъмурияти Саудия Арабистонининг 76 нафар фуқаросига виза санкцияларини киритди, улар Давлат департаментига кўра «чет элда мухолифларга таҳдид қилган ва Қошиқчининг ўлдирилишида фигурант бўлган».

Қошиқчи 2018 йил 2 октябрда Саудия Арабистонининг Истанбулдаги Бош консуллигига ташрифидан сўнг ғойиб бўлди. У ажрашишга ва турк аёлига уйланишига ёрдам берадиган ҳужжатларни олиш учун борган. Туркия оммавий ахборот воситалари ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва тергов идораларидаги манбаларига асосланиб, расмийлар Қошиқчи консуллик биносида шафқатсизларча қийноққа солингани ва кейин ўлдирилганлигини тасдиқлаганини хабар қилди.

Жиноятда гумонланганлар Саудия Арабистони судига топширилган. 2019 йилнинг декабрь ойида уларнинг беш нафари ўлим жазосига ҳукм қилинган, яна уч нафарига тайинланган қамоқ жазосининг умумий муддати 24 йилни ташкил этган.

2020 йилнинг сентябрида беш кишига тайинланган ўлим жазоси журналистнинг ўғиллари сўровига асосан қамоқ жазосига алмаштирилган. 2020 йилнинг май ойида журналистнинг ўғиллари отасининг ўлимида айбдор бўлганларни кечиришини маълум қилган. Бироқ журналистнинг дўсти Қошиқчининг ўғиллари айбдорларни кечириш ҳақида ўз ихтиёри билан маълум қилганига шубҳа билдирган.

Бундан ташқари, ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчининг қайлиғи Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасини судга берган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!