Саудияда ҳукумат сиёсати танқидчиларига қарши курашувчи «троллар фабрикаси» мавжудлиги аниқланди

Саудияда ҳукумат сиёсати танқидчиларига қарши курашувчи «троллар фабрикаси» мавжудлиги аниқланди

Саудия Арабистони ўз «троллар фабрикаси»ни юритиш учун катта маблағ сарфлайди. Ижтимоий тармоқларда маълум гуруҳ мамлакатни танқид қилувчиларга қарши ахборот уруши олиб бориш билан машғул бўлади. Бу ҳақда ташкилот фаолиятини ўрганган манбаларга асосланган ҳолда The New York Times хабар тарқатди.

Суҳбатдошларнинг маълумотларига кўра, «троллар фабрикаси» валиаҳ шаҳзода Муҳаммад ибн Салмоннинг ташаббусига кўра ташкил этилган. Бу ташкилот таркибида 100дан ортиқ ходим фаолият кўрсатади. Улар Twitter, WhatsApp ва Telegram тармоқларида мамлакат ичкарисида ва ташқарисидаги мухолиф кайфиятдаги фуқароларни қўрқитиш ҳамда уларга босим ўтказиш билан шуғулланади. Ҳар бир ходим ойига ўртача 3 минг долларлик маош билан таъминланган.

Қайд этилишича, Саудия Арабистони ҳукуматига қарши кайфиятдаги фуқаролар илк марта 2010 йилдаги «араб баҳори» воқеаларидан кейин таъқибга учрай бошлаган. «Троллар фабрикаси»нинг асосий мавзулари Ямандаги уруш ва араб дунёсидаги аёллар ҳуқуқи бўлади. «Фабрика» раҳбарияти вакилларидан бири сифатида шу кунларда подшоҳнинг маслаҳатчиси лавозимидан ҳайдалган Сауд ал-Қаҳтоний номи тилга олинмоқда.

«Саудия Арабистони авторитар ҳокимият ижтимоий медиадан танқидчиларнинг оғзини юмушда қандай фойдаланиш бўйича намуна кўрсатди», — дейилган мақолада.

Қайд этилишича, октябрь ойи бошида Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги биносида ўлдирилгани айтилаётган мухолиф журналист Жамол Қошиқчи интернетдаги зўравонликка қарши кураш бошлаган ва махсус лойиҳалар ишлаб чиққанди. Сентябрь ойида у Саудия Арабистонининг «троллар фабрикаси»га қарши курашувчи фаоллар учун 5000 доллар ўтказиб берган. Бу фаоллар ўзларини «электрон асаларилар» деб аташган. NYT нашри мақоласида айтилишича, ўзининг изсиз ғойиб бўлишидан 11 кун аввал Қошиқчи твиттерида «Асаларилар бостириб келмоқда» деган ёзув қолдирганди.

Шу кунларда Саудия Арабистони ҳукумати 2 октябрь куни йўқолиб қолган журналист Жамол Қошиқчи Истанбулдаги бош консуллигида келиб чиққан жанжал оқибатида ҳалок бўлганини тасдиқлади. Журналистнинг иши бўйича мамлакатнинг 18 фуқароси қўлга олинган. Бундан ташқари, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд Умумий разведка хизмати раҳбари ўринбосари, генерал Аҳмад Асирийни ишдан бўшатган.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!