Саудия Арабистонида биринчи шифокор-миллиардер пайдо бўлади

Саудия Арабистонида биринчи шифокор-миллиардер пайдо бўлади

Саудиялик педиатр Сулаймон Абдулазиз ал-Ҳабиб дунёда 1 млрд доллардан кўпроқ бойликка эга оз сонли шифокорлардан бирига айланади. Унга тегишли компаниянинг акциялари сотувга чиқарилиши режалаштирмоқда.  

Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди. Унинг маълумотларига кўра, ал-Ҳабибга тегишли Dr. Sulaiman Al Habib Medical Group (HMG, Саудия Арабистони ва қўшни давлатларда тиббиёт муассасаларига эга тармоқ) компанияси IPO’си якунлангандан кейин ал-Ҳабибнинг ўзида 8,5 млрд риёллик (2,3 млрд доллар) 49 фоиз акция қолади. 

Биржага 17,4 млн дона акцияни 50 риёл (13,35 доллар) нарх билан чиқариш режалаштирилмоқда. Бундан олинадиган маблағ эвазига шифокор Саудия Арабистони подшоҳлик оиласига мансуб бўлмаган оз сонли миллиардерлардан бирига айланади.

Айни вақтда дунёнинг энг бой одамлари рейтинги Bloomberg Billionaires Index’га 4 нафар саудиялик миллиардер киритилган. Улардан энг бадавлати Саудия Арабистони подшоҳи Салмон Ол-Сауднинг жияни ва энг муваффақиятли араб сармоячиларидан бири Ал-Волид ибн Талол Ол-Сауд ҳисобланади. Bloomberg унинг бойлигини 14,4 млрд долларга баҳолаган.   

Forbes нашри эса ўзининг миллиардерлар рўйхатидан Саудия Арабистони вакилларини 2018 йилда чиқариб ташлаган. Нашр буни Саудия вакилларининг активлари ҳақида реал маълумот йўқлиги билан тушунтирган.

Bloomberg’нинг маълум қилишича, 68 ёшли Сулаймон Абдулазиз ал-Ҳабиб ўзининг тиббиёт муассасалари тармоғини 1993 йилда ташкил этган. Бунгача у Ар-Риёддаги иккита давлат шифохонасида бош шифокор ва педиатрия хизмати раҳбари бўлиб ишлаган. 

Агентликнинг маълум қилишича, айни вақтда 1 млрд доллардан кўпроқ бойликка эга шифокорлар озчиликни ташкил қилади. Улардан энг бадавлатлари америкалик жарроҳ, HCA Healthcare асосчиси Томас Фрист (бойлиги 12,7 млрд доллар) ва ЖАРлик жарроҳ, саратонга қарши дори воситаси Abraxane’ни ихтиро қилган Патрик Синьсян (9,18 млрд доллар) ҳисобланади.

Manba: kun. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!