Саудия Арабистони "соқолбозлик"ни тарғиб қилувчи ўйинчоқларни мусодара қилмоқда

Саудия Арабистони "соқолбозлик"ни тарғиб қилувчи ўйинчоқларни мусодара қилмоқда

Саудия Арабистони ҳукумати ҳамжинсбозликни тағиб қилувчи камалак рангдаги ўйинчоқлар ва болалар кийимларини мусодара қилмоқда, дея хабар беради давлат телеканали.

Al-Ekhbariya нашри хабарида савдо вазирлиги расмийлари пойтахт Ар-Риёддаги дўконлардан бир қатор буюмларни олиб кетаётгани кўрсатилган. Улар орасида соч қисқичлари, поп-ит, футболкалар, шляпалар ва қалам қутилари бўлган.

Расмийларнинг таъкидлашича, бу нарсалар ислом дини ва жамоат ахлоқига зид келади ҳамда ёш авлод ўртасида жинсий бузуқликни тарғиб қилади.

Савдо вазирлиги Twitter саҳифасида бу ҳолатга: "Бизни назорат гуруҳларимиз савдо нуқталарини текшириш билан шуғулланиб, шариатга ёт бўлган иллатларни тарғиб қилувчи, соғлом фикрга зид бўлган белгилар ва белгиларни ўз ичига олган маҳсулотларни олиб қўяди ва мусодара қилади. Қоидаларни бузган сотув нуқталари эгаларига эса, қонунда белгиланган жазо ва жарималар қўлланилади", - дея изоҳ берган.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони ҳукумати Disney студияси ишлаб чиқарган бир қанча фильмларга ҳам соғлом инсон табиатига зид бўлган саҳналар борлиги учун тақиқ қўйган.

Мамлакат қонунларига кўра, бир жинслилар ўртасидаги жинсий муомала, ишнинг оғирлигига қараб, ўлим ёки дарра уриш билан жазоланади.

Шунингдек, эркакларнинг «ўзини аёлларга ўхшатиши» ёки аёллар кийимини кийиши ва аксинча, ҳар қандай шахснинг «жамоат тартиби, диний қадриятлар, жамоат одоб-ахлоқи ва шахсий дахлсизлигига» тажовуз қилувчи онлайн фаолият билан шуғулланиши ҳам тақиқланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!