Саудия Арабистони ҳам Bayraktar’га харидор бўлмоқда

Саудия Арабистони ҳам Bayraktar’га харидор бўлмоқда

Саудия Арабистони Туркиянинг Bayraktar учувчисиз қурилмаларини сотиб олиш бўйича музокара ўтказмоқда. Бу ҳақда Tactical Report геосиёсий ва савдо разведкаси сайти маълум қилди.

“Саудия Арабистони ҳарбий саноати турк учувчисиз қурилмаларига қизиқиш билдирди ва Baykar компанияси билан музокара ўтказишга тайёр”, – дейилади сайтда эълон қилинган ҳисоботда.

Туркия дронлари бир қатор низолар, хусусан, Сурия, Ливия, Тоғли Қорабоғ ҳамда Украинада ҳарбий можароларда кенг қўлланиши ортидан халқаро эътирофларга сазовор бўлди.

Агар Tactical Report ҳисоботи ҳақиқатга тўғри келса, Саудия Арабистони Нигерия, Эфиопия, Қатар, Ливия, Марокаш ва Польша қаторида Bayraktar’нинг навбатдаги фойдаланувчисига айланди.

Риёз ва Анқара муносабатлари 2018 йилдан кейин анча илиқлашди. 2018 йилда саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши икки давлат муносабатларининг совуқлашишига олиб келганди.

Ўтган ой охирида Ражаб Тоййиб Эрдоған Саудия Арабистонига расмий ташрифни амалга оширди.

Икки давлат турли йўналишлар, хусусан, мудофаа соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олган. Саудияга ташрифидан аввал Эрдоған мудофаа ва молия соҳаларида ҳамкорлик икки давлат манфаатларига жавоб беришини таъкидлаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!