Саудия Арабистони Европани ҳусийларга қарши курашга қўшилишга чақирди
Саудия Арабистони Яман ҳусийларига қарши эҳтимолий янги ҳарбий амалиётда Европа давлатларидан ҳарбий ёрдам кутиб қолмоқда. Бу ҳақда Саудия разведка хизматининг собиқ раҳбари шаҳзода Туркий ибн Файсал ал-Сауд маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Европа ҳам минтақадаги хавфсизликдан манфаатдор, чунки Боб ал-Мандаб бўғози орқали Суэц канали ва Европа томон муҳим савдо йўллари ўтади.
Шаҳзода Франция аллақачон қўллаб-қувватлаётганини, Буюк Британия ҳавода ёқилғи қуйишда ёрдам бераётганини, Покистон ва Туркия эса таъминот, ўқ-дори ва разведка маълумотлари билан кўмаклашаётганини таъкидлади.
Туркий ибн Файсал Европа давлатларини савдо йўллари хавфсизлигини таъминлашда фаолроқ иштирок этишга чақирди. Унинг таъкидлашича, бу масъулият фақат АҚШ зиммасида қолмаслиги керак.