Сартепадаги кўп қаватли уйлар қишга тайёрми?

Сартепадаги кўп қаватли уйлар қишга тайёрми?

Ўтган ҳафта якунида юртимизда ҳаво ҳароратининг пасайиши ва ёғингарчилик аҳолининг ҳам, коммунал хўжалик идораларининг ҳам куз-қиш мавсумига ҳозирлигини синовдан ўтказди. Тайёргарлик юмушларини ўз вақтида амалга оширган масъуллар, корхона ва ташкилотлар бу ишларнинг қанчалик сифатли бажарилганини амалда кўрди. Ҳали қишгача фурсат кўп-ку, деб хотиржам юрганлар эса саросимага тушиб қолди...

– Бу йил ҳам мавсумга тайёргарликни ёз ойлариданоқ бошлаганмиз, – дейди Самарқанд шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Ф.Нажмиддинов. – Президентимизнинг “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва соҳага оид бошқа қарорлари асосида шаҳарда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар дастури тузилиб, ижроси таъминланмоқда. Жумладан, шаҳардаги кўп хонадонли уй-жой фондини таъмирлаш ва ҳудудларини ободонлаштириш учун 1 октябрь ҳолатида 11,1 миллиард сўм банк кредити ва 1,1 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилди. Шунинг ҳисобидан шаҳардаги 38 та кўп қаватли уйнинг том қисми мукаммал ва 182 таси жорий таъмирланди. 103 та уй-жойнинг фасад қисми, 160 тасининг ертўла муҳандислик тармоқлари, кириш йўлаклари таъмирланди. 141 та кириш йўлагига темир эшик ўрнатилди, 263 та эшик кодли қулф билан жиҳозланди. Шаҳарда мавжуд 227 та лифтнинг 46 тасида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, 6800 кв.метр уй-жой олди йўлакларида бетон қоплама ётқизилиб, 250 метр ирригация тармоқлари тартибга келтирилди. Кўп қаватли уйлар атрофида 384 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. 16 та болалар майдончаси қурилди.
Бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги 1024 та кўп қаватли уйнинг 725 таси иссиқлик таъминотига эга эмас. 130 та уй ўзининг аввалдан мослаштирилган газ печкаси орқали, 88 таси индивидуал квартира қозонхоналар ёрдамида, 55 таси “Иссиқлик манбаи” давлат унитар корхонаси қозонхоналари билан, 20 таси локал қозонхоналар орқали иситилади.

Ушбу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик таъминотини яхшилаш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида иш олиб борилмоқда. Бу борада “Иссиқлик манбаи” ДУК Финляндия компанияси билан ҳамкорликда лойиҳа ишлаб чиқиб, уни амалга оширишга киришмоқда. Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичида Сартепа, Суғдиёна, Микрорайон ва Марҳабо масканларидаги 377 та кўп қаватли уй ва 26 та ижтимоий соҳа объектига иссиқлик етказиб берилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, бу йил кўп қаватли уйлардаги хонадонларга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган икки контурли қозон ўрнатиш бўйича ҳам тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Ҳозирги кунга қадар шаҳардаги 700 дан ортиқ хонадонга бундай қозонлар ўрнатилди.

33 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Самарқанд шаҳрининг Сартепа масканида 127 та кўп қаватли уй-жой мавжуд. Уларнинг 22 таси 9 қаватли бўлиб, қолганлари 4 ва 5 қаватдан иборат. Кейинги йилларда ушбу уй-жойларни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб таъмирлаш, коммуникация тармоқларини янгилаш орқали аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланмоқда.  

Президентимизнинг 2018 йил 16 мартдаги қарори билан ташкил этилган “Самарқанд вилоятини ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси”га ажратилган 50 миллион доллар миқдоридаги маблағ ҳисобидан ҳам Сартепадаги кўп қаватли уй-жойларни мукаммал таъмирлаш ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишларига 28 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш режалаштирилди.

Унга кўра, барча кўп қаватли уй-жойлар мукаммал таъмирланади. 26 та уйнинг том қисми, 123 та уйнинг фасади, 341 та кириш йўлаги ҳамда уй-жойларнинг ички муҳандислик-коммуникация тармоқлари капитал таъмирланади. 9 та уйдаги 32 та лифт мосламаси янгисига алмаштирилади. Кўп қаватли уйлар ҳовлиларида 15 та болалар майдончаси, 13 та катталар спорт тренажёр майдончаси, шунингдек, аҳоли дам олиш айвонлари, автомобил сақлаш жойлари барпо этиш кўзда тутилган. Айни пайтда бу ишларни амалга ошириш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, экспертиза хулосалари олинмоқда. Тендер танловлари асосида қурилиш ташкилотлари аниқланиб, таъмирлаш ишларига киришилган.

Мазкур ҳудуддаги “Сартепа-Гўзал” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатадиган кўп қаватли уйларда таъмирлаш ишлари бошланганини маълум қилишганидан сўнг, жараённи кузатдик. 141-уйнинг фасадини таъмирлаган қурувчилар ҳозирда 146-уйда иш олиб бораётган экан. 142, 143-уйларда яшовчи аҳоли эса ҳали-ҳануз муаммолар кўплиги, ертўлани тез-тез сув босишини маълум қилишди. Уйларга кириш йўлакларига чироқ ўрнатилмаган.

118-уйнинг саккизинчи қаватидаги хонадонда яшовчи М.Сатторова бир неча ойдан буён лифт ишламагани оқибатида яқинда бемор турмуш ўртоғини пастга олиб тушишда жуда қийналганини айтди.

– Бугун лифтни созлашибди – дейди М.Сатторова. – Лекин ундан фойдаланишга ҳам қўрқасан, киши. Тез-тез бузилиб туради. Уйнинг йўлаклари ҳам таъмирга муҳтож, чироқлари йўқ.

Сартепада таъмирлаш ишлари якунланганлари ҳам, ишлар бошланмай, ҳудуди ободонлаштирилмаган уйлар ҳам анчагина. Демак, Сартепадаги уйларни куз-қиш мавсумига тайёр дейишга ҳали эрта.

Manba: uza.uz

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!