Сариосиёлик аёлнинг фарзандларига нега туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилмаяпти?

Сариосиёлик аёлнинг фарзандларига нега туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилмаяпти?

Ижтимоий тармоқларда Сариосиё тумани «Маданкон» маҳалласида истиқомат қилувчи С. С.нинг фарзандларига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома ололмаётгани, карантин даврида ҳеч қайси ташкилот ишламаётганлиги ҳамда мутасаддилардан ёрдам сўраётгани ҳақида видео тарқалганди.

Ушбу материал юзасидан Давлат хизматлари агентлиги директорининг матбуоткотиби расмий баёнот берди. 

Унда айтилишича, бугунги кунда карантин чоралари кўрилаётган бўлса ҳам, Давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЁ бўлимлари ўз фаолиятини тўхтатгани йўқ.  ДХМларда кечиктириб бўлмайдиган хизматлар кўрсатилиб, ФҲДЁ бўлимларида фақатгина туғилганлик ва ўлим ҳақида гувоҳнома берилиши йўлга қўйилган.

Мазкур мурожаатга аниқлик киритиш учун ДХА Сурхондарё вилояти бошқармаси Сариосиё туманининг 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси Д. Саматова ва фуқаро яшаб турган маҳалланинг хотин-қизлар масалалари бўйича раис ўринбосари Ю. Махатовалар фуқаро билан учрашди.

Маълум бўлишича, С. С.нинг 2014 йилда туғилган ўғли ва 2015 йилда туғилган қизининг ҳужжатлари ҳали-ҳануз олинмаган экан.  Сабаби — ушбу болаларнинг ота-онаси қонуний никоҳдан ўтмаган, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини йўқотган, бола туғилганлиги ҳақидаги тиббий маълумотномалар эса мавжуд эмас.

Мазкур ҳужжатларсиз эса ФҲДЁ туғилганлик ҳақида гувоҳномани бера олмайди.

Ўрганиш давомида 2020 йил 3 март куни С. С. номига Сариосиё туман ИИБ ва ФРБ томонидан биометрик талабнома шакллантирилганлиги, бироқ карантин муносабати билан фуқаро шу кунгача тайёр паспортини ололмаганлиги аниқланди.

Давлат хизматлари агентлиги Сариосиё тумани 2-сон ФҲДЁ бўлими масъуллари томонидан қисқа фурсатларда туман тиббиёт бирлашмасидан бола туғилганлиги ҳақидаги маълумотнома нусхаси олиниб, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан С.С. фарзандларига гувоҳнома расмийлаштириб берилади.

Бу ҳақида фуқарога ҳам батафсил тушунтириш берилди.
 


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!