"Сардоба" сув омбори тошқинидан фойда кўрмоқчи бўлган фирибгарга суд ҳукми ўқилди

"Сардоба" сув омбори тошқинидан фойда кўрмоқчи бўлган фирибгарга суд ҳукми ўқилди

Ҳаммамизга маълумки 2020 йил 1 май куни Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари жиддий зарар кўрди.

Давлатимиз раҳбари шахсан ўзлари келиб, ҳолатни тўлиқ назоратга олди ва бу офатнинг оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, турар жойлар ва инфратузилма объектларини таъмирлаш, аҳолига ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди. Қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт тармоқлари, жамоат хавфсизлиги юзасидан тезкор чора-тадбирлар белгиланди.

Халқимиз азалдан бундай оғир кунларни жипслашиб, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик билан енгиб ўтган. Ушбу қийин шароитда ҳам халқимизнинг олижаноб фазилатлари янада яққол кўзга ташланди. Айниқса, ҳар бир юртдошимиз бир-бирига меҳр-мурувватли, саховатли бўлиш кераклигини чуқурроқ ҳис қилиб, қийин вазиятда қолган юртдошларимизга инсонпарварлик ёрдамларини бериб келишди.

Бироқ халқимиз томонидан берилган ёрдамларни азият чеккан фуқароларга тенг тақсимлаб тарқатиш лозим бўлган бир вазиятда, айрим қўштирноқ ичидаги фуқаролар ёрдам тариқасида келган маҳсулотларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, даромад олишдек паст ниятларини амалга оширишни истади.

Шундай шахслардан бири муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланиб жазо ўтаётган М.П. алдаш, ишончни суиистеъмолқилиш йўли билан даромад орттириш мақсадида, гўёки Сардоба туманидаги мактабларга эвакувация қилинган фуқароларга ёрдам бериш учун кўнгилли сифатида қўшилиб, 2020 йил июль ойида эвакуация қилинган аҳолини ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш баҳонаси билан ўзини Сардоба тумани Қизил ярим ой жамияти биринчи ўринбосари сифатида таништириб, ушбу жамият номидан сохта талабнома тўлдириб, маҳсулотлар сақланадиган омборга тақдим қилиб, у ердан 15 турдаги 15.154.000 сўмлик маҳсулотларни олиб, бир неча фуқароларга сотиб юборган.

Ўтказилган тадбирлар давомида М.П. ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан ушланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 228-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзгатилган.

Мазкур жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилиб, ушбу шахс юқоридаги моддалар билан айбдор деб топиб, уч ярим йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ж.Турдимурадов,
Жиноят ишлари бўйича Сардоба туман суди раиси

О.Маннатов,
Сирдарё вилоят суди судьяси


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!