Сардоба қурбон бўлган қаҳрамоннинг рафиқаси: "Ўша куни ғалати туш кўргандим"

Сардоба қурбон бўлган қаҳрамоннинг рафиқаси: "Ўша куни ғалати туш кўргандим"

Олдинроқ Сардоба фалокатида мардларча ҳалок бўлган Сирдарё вилояти, Сирдарё шаҳар Миллий гвардияси ходими Ҳусниддин Суяровнинг онасининг ўғли ҳақидаги хотираларини эътиборингизга тақдим этгандик. Журналист Гулруҳ Ёрматова марҳум қаҳрамонимизнинг рафиқаси Нозимахон СУЯРОВА билан ҳам суҳбатлашди.

“МЕНГА  АТИРГУЛ СОВҒА ҚИЛИШНИ ЯХШИ КЎРАРДИ”

Ҳалигача ишонолмаяпман. Соғинчдан юрак-бағрим ўртаниб кетяпти. Энди қандай яшайман, дадасини сўраган қизларимга нима дейман?! Катта қизим ҳозир тўрт ёшда. Ҳар куни дадасини сўраяпти. Нега дадам келмаяпти, деган сўроқларидан юрагим эзилиб кетяпти. Шу йилнинг 18 март куни иккинчи қизим туғилганди. Турмуш ўртоғим роса қувонганди. Худога шукр, дея исмини ҳам Шукрона қўйди. Баъзи эркакларга ўхшаб, “Иккита қиз бўлди, нега ўғил эмас”, — деб ношукрлик қилмасди. Ҳар сафар  ишдан уйга қўнғироқ қилганда “Фаришталарим, яхши ўтирибсизларми?”, — дерди. Бирга яшаётганимзга яқинда беш йил тўлади. Ана шу йиллар давомида у киши  бирор марта менга қаттиқ гапирмаганди. Ҳар доим ширинсўз, меҳрибон ва жонкуяр эди. Ишини, оиласини жуда-жуда яхши кўрарди. Мени  қаттиқ авайларди. Баъзан ота-онам ҳам мени бу қадар эркалатиб катта қилмаган бўлса керак, деб ўйлаб қолардим. Оилада кенжа ва эрка фарзанд эдим. Лекин турмуш қургач, янада бахтиёр яшадим. Менга тез-тез атиргул совға қилиб турарди. “Бугун байрам эмас-ку”, —  десам, “Сен билан яшаётганимнинг ўзи байрам”, — дерди. Ишдан чарчаб келса-да, “Сизлар уйда ўтириб, зерикиб қолдинглар, айлантириб келаман”, — дея қўярда-қўймай истироҳат боғларига олиб чиқарди.

Тошқин бўлишидан сал олдин Сирдарё вилоятида иш бошлаганди. Унгача Анижонда ишлаганлари учун ўша ёқда яшадик. Жуда бошқача инсон эдилар. Меҳрибон, ширинсўз, раҳмдил. Ҳаммага яхшилик қиларди, қайнукаларимга ҳам қўлингдан келганча  одамларга яхшилик қил, дерди. Иши кўп бўлса-да, яқинларининг ҳолидан хабардор бўлиб турарди. Кимдир касал бўлиб, пул керак бўлиб қолса охирги тийинигача  берарди. Мен ҳаётимда бу қадар яхши инсонни кўрмаганман. Кўрмасам ҳам керак. Доим иш билан банд бўлса-да, ҳатто менинг ота-онамдан ҳам хабар олишни канда қилмасди. Ота-онам “Битта ўғлимиз иккита бўлди”, — деб суюнишганди. Афсус, минг афсус...

“ҒАЛАТИ ТУШ КЎРДИМ”

30 апрель куни ишга кетишидан олдин ҳар доимгидек ҳаммамизни бир-бир бағрига босди. “Ўзларингни эҳтиёт қилинглар”, — деб қайта-қайта тайинлади.  Ишга боргач ҳам кечки пайт қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўради. Шу бизнинг охирги гаплашишимиз бўлди. Эртаси куни эса тошқин ҳақида эшитиб, дарҳол хўжайинимга қўнғироқ қилдим. Аммо жавоб бермади. Талофат жойига жўнатилди, деб эшитдим. Юрагимда қўрқув билан кута бошладим. Телефонимни қўлимдан қўймасдим. Ўша куни ғалати туш кўрдим. Тушимда бутун дунё остин-устун бўлиб келаётган эмиш. Мен турмуш ўртоғим билан патир нон еб ўтирган эмишмиз. Жудаям ширин эмиш. Тўйиб-тўйиб ебмиз. Шундан сўнг турмуш ўртоғим “Энди сен кетавер, мен ортингдан бораман”, — дебди. Мен ҳайрон  бўлиб, “Сиз ҳам биз билан юринг”, — десам у киши “Йўқ, кейинроқ бораман, сен кетавер”, — дея ортимдан термилиб  қолибди. Қўрқиб уйғониб кетдим. Қайнонамга қўнғироқ қилиб, тушимни айтдим. Яхшиликка йўйдик. Аммо минг афсуски, яхшиликка йўйилган тушларим ўнгидан келмади. 3 май куни соат кундузги 11 ларда мудҳиш хабарни эшитиб, ўзимни йўқотиб қўйдим...

ҚУТҚАРГАН   ИНСОНЛАРИ   ЙЎҚЛАБ   КЕЛДИ

Ўшанда турмуш ўртоғим сув энг кўп талофат етказган ҳудудга борган экан. Жуда кўп одамларни қутқарибди. Ўша одамлар таъзия куни йўқлаб келишди. Кап-катта бир одам дод деб йиғлади. “Мана бу ёлғизгина ўғлимни эрингиз қутқарди”, — деб ёнидаги 16 ёшлардаги болани кўрсатди. Бола ҳам дув-дув йиғларди.  Ундан турмуш ўртоғим ҳақида сўрагим келди. Аммо бола  фалокатдан қаттиқ қўрққани учун гапиролмай қолган экан.  Турмуш ўртоғимнинг ёнида учта ҳамкасби ҳам бор экан. Улардан иккитаси омон қолди. Биттаси ҳанузгача бедарак. Билишимча, эрим ўша фалокат куни ўзини аямай одамларни қутқаришга ҳаракат қилибди. Охирида ўз жонини қутқаролмай қолибди, шўрлик. Кўз олдимга келтирсам, ҳамон йиғидан ўзимни тўхтатолмайман. Турмуш ўртоғим шу қадар яхши эканки, у кишини сўнгги йўлга кузатаётганимизда ҳатто қўшниларимиз ҳам кўз ёшларини тўхтатолмади. Бир қўшни аёл “Эримнинг йиғлаганини ҳечам кўрмагандим, турмуш ўртоғингизни вафотини эшитиб, ўкириб-ўкириб йиғлади”, — деди. Эй-воҳ, шунчалар яхши бўладими одам! Бир ойгина малака оширишда ўқиган эдилар. Ҳатто бирга ўқиган курсдошлари ҳам йўқлаб келди. Шу қисқа умрида шунчалик кўп одамнинг меҳрини қозонган экан турмуш ўртоғим....


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!