Саноат экспортида диверсификация индекси ижобий томонга ўзгармоқда

Саноат экспортида диверсификация индекси ижобий томонга ўзгармоқда

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институт (ПМТИ) экспертлари томонидан Ўзбекистон Республикаси саноат экспортининг диверсификация даражаси баҳоланди.

Экспортни диверсификация қилиш экспорт қилинадиган товарлар миқдорини ошириш ва экспортнинг мувозанатли таркибига эришишни назарда тутади.

Тадқиқот чоғида 2010-2021 йиллар оралиғидаги давр баҳоланди. Маълум бўлишича, бу даврда саноат маҳсулотлари экспортида диверсификация индекси 4,82 дан 5,76 гача кўтарилган. 2010 йилда саноат маҳсулотлари экспортининг ярми (50 фоизи) минерал ёқилғи ва пахтанинг ҳиссасига тўғри келган бўлса, 2021 йилда ушбу маҳсулотлар улуши 22 фоизни ташкил этди.

Кимё ва фармацевтика маҳсулотлари экспорт диверсификацияси индекси ҳам экспортда ўғитлар улушининг 78,5 фоиздан 43 фоизга камайиши ва бир қатор бошқа товарлар экспортининг ошиши ҳисобига 1,56 дан 2,76 гача ўсди.

Тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-кечаклар экспортида диверсификация даражасининг 1,21 дан 2,34 гача ортиши пахта экспорти ҳажмининг сезиларли даражада камайиши ва унинг экспортдаги улуши қисқариши, шунингдек, қайта ишлаш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар улушининг ошиши билан боғлиқ.

Чарм-пойабзал саноатида экспорт диверсификацияси индекси 1,67 дан 2,44 гача ошди. 2010 йилда бу йўналишда экспортининг 75 фоизини хом ашё ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич тайёр маҳсулотлар экспортининг ошиши ҳисобига 43 фоизга тушди.

Машинасозлик маҳсулотлари экспортида диверсификация индекси 2,04 дан 2,59 гача ошди. Экспортда ерусти транспортининг улуши камайди, электр машиналар ва ускуналар, механик асбоб-ускуналар ва шунга ўхшаш қурилмалар улуши ошди.

Саноат экспортида диверсификация индекси ижобий томонга ўзгармоқда

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон саноати экспортни кенгайтириш ва диверсификация қилишда яхши натижаларга эришмоқда. Шу билан бирга, келгусида янада яхшироқ натижаларга эришиш учун катта имконият ва захиралар мавжуд. Бу захиралардан эса объeктив тарзда ўзгараётган ташқи шарт-шароитларга фаол интеграциялашув орқали фойдаланиш мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!