Самарқанддаги кафеда маст мижозни уриб ўлдирган йигит 8 йилга қамалди

Самарқанддаги кафеда маст мижозни уриб ўлдирган йигит 8 йилга қамалди

Самарқанддаги кафеда содир бўлган жанжалда маст мижозни уриб ўлдирган йигитга суд ҳукми ўқилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 15 май куни Самарқанд шаҳридаги кафелардан бирида А. исмли йигит бошқа бир мижоз спиртли ичимлик таъсирида маст бўлган Д. билан ўзаро тортишиб қолган. Сўнг содир бўлган муштлашувда А. Д.ни дўппослаган. Оқибатда Д. оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида ўтказилган суд мажлисида А. Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» бандида (ўлимга сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) назарда тутилган жиноятни содир этган деб топган. Суд унга 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Қайд этилишича, тергов жараёнларида ва суд пайтида А. ўз айбига иқрор бўлмаган. У марҳум билан тортишгани ва урганини тан олган, аммо уни уриб ўлдириб қўйганини тан олмаган. Суд жараёнида кафеда ўрнатилган видеокузатув камерасидан олинган тасвирлар ва судга оид тиббий экспертиза хулосалари марҳум муштлашув пайтида дўппослангани ортидан вафот этганини кўрсатган.

Суд раиси томонларга (шу жумладан айбланувчига) ҳукмнинг мазмун-моҳиятини тушунтириб берган. Қарор қатъий эмаслигини ва ҳукмдан норози бўлганлар тегишли тартибда шикоят киритиши мумкинлигини эслатган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!