Самарқанддаги ҳолат: "Сизни ҳамшира келса текширади, мен бу ишларни қилмайман. Чунки шифокорман"

Самарқанддаги ҳолат: "Сизни ҳамшира келса текширади, мен бу ишларни қилмайман. Чунки шифокорман"

Тиббиёт соҳасида Гиппократ қасамёдига содиқ, ҳаётини инсонлар соғлигини ҳимоя қилишга бағишлаган фидойи шифокорлар кўп. Қўли енгил шифокорларнинг муолажаларидан шифо топаётган беморлар улардан миннатдор. Бироқ... Самарқанд вилоят офтальмология шифохонасининг айрим шифокорларига беморларни тиббий кўрикдан ўтказишдан кўра Telegram’га пароль қўйиш энг муҳим масала кўринади, деб ёзади «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев.

Сиз кўриб турган суратдаги икки шифокор мазкур шифохонанинг 11-хонасида фаолият юритади. Шифокорнинг тавсиясига кўра айнан ушбу кабинетга киришга тўғри келди. Бироқ, бу икки шифокорга (ўзини таништиришни истамади) беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш эмас, балки қўл телефонини ўйнаб ўтириш асосий вазифа қилиб белгиланган кўринади!

Тиббий кўрикдан ўтишим лозимлигини сўраганимда ўзини шифокор эканлигини билдирган эркак киши дастлаб кутиб туринг деди. Бирор зарур иш бўлса керак деб 10 дақиқача кутдим. Уларнинг сўзларига эътибор берсам, Telegram’га пароль қўйиш билан машғул экан.

«Ўртоқ, дўхтир! Мен беморман! Илтимос, текшириб кўринг», — десам жаҳл билан тиббий картамни кўрди-да: «Сизни ҳамшира келса аппаратда текширади, мен бу ишларни қилмайман. Чунки шифокорман. Бу ишлар ҳамширанинг вазифаси», — деб тиббий картани қайтариб берди.

Самарқанд вилоят офтальмология шифохонасидаги шифокорлар Telegram’га қарашдан ташқари, ҳар замонда бўлса ҳам шифохонага нажот излаб келган беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб турса яхши бўларди. Акс ҳолда оқ халатга доғ тушириб, шифокор деган шарафли номга иснод келтириб қўйиши ҳеч гап эмас.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!