Самарқандда ваҳшийлик! Бир кунда беш чақалоқ туғруқхонада вафот этди, қиз туққан онага ўғил бола мурдаси берилди

Самарқандда ваҳшийлик! Бир кунда беш чақалоқ туғруқхонада вафот этди, қиз туққан онага ўғил бола мурдаси берилди

Айнан 18 июнь куни, Самарқандда чақалоқлар аборт қилиб олингани, музлаткичда сақлангани ва печда ёқиб юборилгани, сохта ҳужжатлар билан айримлари сотиб юборилгани маълум бўлган.

“Jahon.uz”га интернет нашрига Бош Прокуратура Матбуот хизматидан маълум қилинишича, Самарқанд шаҳар, Ёшлар маҳалласида яшовчи, 1992 йилнинг 25 май куни туғилган Ф.М.нинг, 2019 йил 28 февраль куни Самарқанд вилоят Перинатал Марказида турмуш ўртоғи Г.К қиз жинсли чақалоқ туққанлигини, шу куни кечки пайтда шифокорлар турмуш ўртоғи Г.К.га унинг чақалоғи вафот этганлигини маълум қилишиб, унга ўғил жинсли чақалоқнинг мурдасини бериб юборишганлигини маълум қилган.

У юқоридаги ҳолатга аниқлик киритиб беришни сўраб Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ га ёзма мурожаат қилган ва мурожаатга асосан эса Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилган.

Терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика Суд Экспертиза марказига экспертиза тайинланиб, 2019 йил 31 майдаги хулосасида вафот этган чақалоқ мурдасидан олинган намуналар фуқаро Ф.М ва Г.К.ларнинг фарзандидан келиб чиқмаганлиги, фуқаролар Ф.М. ва Г.К.ларнинг вафот этган чақалоқга нисбатан биологик ота-оналиги тасдиқланмаслиги кўрсатилган.

Мазкур тўпланган ҳужжатлар бўйича Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 2019 йил 6 июнда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 124-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши ҳужжатлари шаҳар прокуратурасида назорат тартибида ўрганилиб, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан дастлабки ўтказилган терговга қадар текшириш ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 329-моддаси талаблари қўпол равишда бузилиб, белгиланган муддатларда қарор қабул қилиниши таъминланмаганлиги сабабли, айбдор шахсларнинг тегишли интизомий жавобгарлик масаласини ҳал этиш юзасидан Самарқанд вилоят ИИБга хизмат текшируви тайинланган.

Жиноят иши тергови давомида тўпланган ҳужжатларга кўра, унда 2019 йил 27 февраль кунидан соат 08:00 дан 2019 йил 1 март куни соат 08:00 га қадар бўлган вақт мобайнида Самарқанд вилоят Перинатал Марказида жами 36 нафар аёллар томонидан 37 нафар чақалоқ туғилган бўлиб, ушбу чақалоқлардан 2019 йил 28 февраль кунидан 1 март кунига қадар бўлган вақт оралиғида 5 нафар чақалоқлар турли ташхислар билан вафот этганлиги қайд этилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ бўлинма бошлиғи раҳбарлигида тергов гуруҳи тузилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши тергови Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Бу ишга алоқадор касб эгаларининг хаёли қаерда, уларнинг кўзлари кўр, қулоқлари кар эмасми, мабодо?

Самарқандда чақалоқнинг қадри бир тийинми? Бир сафар шундоқ ҳам ҳаммасига кўз юмдик, лекин буниси ошиб тушдику!

Агар эсласангиз, 2018 йилнинг айнан 18 июнь куни, яъни бундан бир йил муқаддам Самарқанддаги клиникада ноқонуний абортлар қилингани ва болалар сотилгани ҳақида интернет яшин тезлигида хабарлар тарқалган эди.

Ўшанда, Самарқанддаги хусусий клиникада ноқонуний абортлар қилингани ва янги туғилган чақалоқлар сотилгани, камига заиф туғилиб қолган гўдакларнинг жасади печкада ёқиб юборилгани ҳақида тарқалган хабардан карахт ҳолга келмаганмидик?

Орадан бир йил ўтгач тарқалган хабарни эшитгач, карахт ҳолдаги бошга болға билан ургандек бўлмадими?

Самарқанддаги “Сам сузани плюс” клиникасида сунъий аборт йўли билан туғилган чақалоқлар савдоси билан шуғулланилгани, заиф болаларнинг жасади ёқиб юборилгани, фераль ойининг охирида мутахасисслиги бўйича болалар врачи бўлган, мазкур клиниканинг бош врачи вазифасида ишлаб келган Нигора Солихонова 13 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум этилгани камлик қилдими? Ўшанда эсласангиз, акушер гинеколог Д. Нажимова ҳам 13 йилу 6 ой қамоққа ҳукм қилинганди.

Бундан бир йил олдинги ҳолатда, шифохона ходимлари тирик туғилган чақалоқларни сохта ҳужжат билан 500 АҚШ долларидан 2000 АҚШ долларигача бўлган миқдорда фарзандсиз оилаларга пуллаш билан шуғулланиб келишган. Жиноий гуруҳ фарзанд умидида мурожаат қилган фуқаролардан пулларни олиб, сунъий йўл билан аборт қилинган болаларни сотиб келган. Клиника сунъий аборт бўйича ўрнатилган тиббиёт қоидаларига умуман эътибор қилмаган. Бир аёл ҳомиладорликнинг 27−28 ҳафтасида мурожаат қилган. Клиника аборт учун 500 доллар олган. Яшаши мумкин бўлган қизалоқ “харидорнинг” йўқ бўлиб қолиши натижасида оч қолади. Ўз навбатида Н. Солихонованинг топшириғи билан чақалоқ Д. Нажимова ишлайдиган туғуруқ мажмуасига жўнатилади. Чақалоқ эса печда ёқиб юборилади.

Самарқандлик оналарда қўрқув пайдо бўлмайди. Бундан бир йил аввалги ҳолатда ҳамма хусусий клиника-ку, дея ўзини овутди. Энди-чи? Самарқанд вилоят Перинатал Маркази! Бу нафақат Самарқанд шаҳардаги, балки бутун вилоятдаги нуфузли ва малакали шифокорлар фаолият юритадиган маскан-ку! Нима болаларимизнинг тақдири “мол дўхтирлар”га қолиб кетди-ми?

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори Отабек Муродов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов,Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновдан ушбу вазиятни шахсан назоратга олишларини илтимос қилиб сўраган бўлардим. Нега-ки, шифокорларнинг жинояти ортидан Ички ишлар ходимлари ҳам ўз вазифаларини бажаришмади. Демак, Самарқандда “поезд ўз йўли(изи)дан чиққан”, у ерда бу соҳа вакилларининг айримлари “ўзига хон кўланкаси майдон” шекилли! Бу иллат бугун бартараф этилмаса, эртага “портлайди”, эртага “кеч бўлади”!!! Шу сабабдан назоратни ўз қўлингизга олинг!

Manba: 7news.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!