Самарқандда шифокор тавсия қилган дори ўрнига бошқасини сотган дорихона бир гўдак ҳаётини хавф остида қолдирди

Самарқандда шифокор тавсия қилган дори ўрнига бошқасини сотган дорихона бир гўдак ҳаётини хавф остида қолдирди

Шифокор беморга рецепт ёзаётган пайтда албатта, турли омилларни ҳисобга олади: беморнинг ёши, жинси, касаллик даражаси, баъзида унинг моддий аҳволини ҳам. Дориларнинг ҳар кимга ҳар хил таъсир кўрсатиши мумкинлигини билиш учун тиббиёт ходими бўлиш шарт эмас. Агар бемор ҳали бир ёшга тўлиб-тўлмаган гўдак бўлса-чи? Табиийки, бунда масъулият юз чандон ошиши турган гап! Фарзандингиз жони оғриса, шифокор ҳузуридан тўғри дорихонага чопасиз! У ерда ўтирган «нажот фариштаси» сизга ёрдам беришига ишонасиз, деб ёзади Zarnews.

Самарқандлик Нозимахон ҳам шундай ўйлаганди. Гўдаги дориларни қабул қилгач, яхшиланиш ўрнига бутунлай оғирлашиб қолди. Болани зудлик билан Вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт бирлашмасига олиб келишди.

Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан мурғак гўдакнинг ҳаёти сақлаб қолинди ва кейин суриштирувлар бошланди.

Маълум бўлишича, шаҳардаги Буюк Ипак йўли кўчаси, 52-манзилда жойлашган 1-сонли дорихонадан харид қилинган  ўта юқори дозадаги дори-дармонлар болага акс таъсир кўрсатган. Янаям ачинарлиси, шифокор тавсияномасида кўрсатилган дорилар ўрнига бошқаси берилаётганлиги ҳақида харидор огоҳлантирилмаган ҳам. Яхшиямки, чақалоқ тирик қолди. Акс ҳолда нафсини ўйлаб, маҳсулотини ўтказишни мақсад қилганлар кейин қандай жавоб беришарди?

Шуниси маълумки, дорихона мутасаддилари вазиятни билиб ҳам, бунга совуққонлик билан қараган. Мурожаатлари эътиборга олинмагач, яқинларининг маслаҳати билан ёш оила Президент виртуал қабулхонасига ариза йўллаган.

Мурожаат тегишлилиги бўйича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Самарқанд шаҳар жамияти мутасаддилари томонидан ўрганилди. Хатога йўл қўйган дорихона ходимларига амалдаги қонун талаблари тушунтирилгач, боланинг саломатлигини тиклашга сарфланган маблағ дорихона маъмурияти томонидан тўлиқ қоплаб берилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!