Самарқандда қоровул жиноятчиларни фош этди

Самарқандда қоровул жиноятчиларни фош этди

Сокин тун. Қишлоқ кўчаларида сукунат ҳукмрон. Ҳар замонда итларнинг безовта ҳургани эшитилиб қолади. Бу пайтда зарур иши бўлмаса, ҳеч ким кўчага чиқмайди.

Кун бўйи турмуш ташвишлари билан чарчаб, уйқуга кетган одамларнинг уйларида аллақачон чироқлар ўчган. Бу тунда фақат Шокир билан Собир бедор (исмлар ўзгартирилган). Ҳамманинг иши эрталаб қуёш чиқиши билан бошланса, бу иккисининг иши айни шу вақтда тугайди.

Шокир Собирдан икки ёш кичик. Иккиси ҳам қишлоқнинг бекорчи йигитларидан. Ёшлари орасида тафовут бўлса-да, бир мақсадгина бу иккисини бирлаштириб туради. Уларнинг мақсади – осон йўл билан мўмай даромад топиш. Бир ҳафта муқаддам қўшни қишлоқдаги уйлардан бирига ўғирликка тушиб, анча-мунча буюмларни қўлга киритган бу икки йигит "даромад"ни аллақачон ҳазм қилишга улгурган, бугун эса навбатдаги "ов"га чиқишган эди.

- Бугун кимникига тушамиз? - сўради ҳамиша ёши катталиги учун Собирнинг чизган чизиғидан чиқмайдиган Шокир шеригига савол назари билан тикилганча.

- Бу сафар қишлоқ дўконини "тозалаймиз". Майда-чуйда нарсалар жонга тегди. Бугун ишимиз ўнгидан келса, кўпроқ нарсани қўлга киритамиз.

- Ахир, у ерда қоровул бор-ку.

- Э, Сувонқул акани биласан, тун ярим бўлмасдан ухлаб қолади. Бу ёғидан хавотир олмасак ҳам бўлади. Уни обдон кузатганман. Қачон дўкон айланиб, қачон ухлаб қолишини яхши биламан. Бизни кўрган тақдирда ҳам ушлаб ололмайди. Кексалиги панд беради, қоронғуда бизни таниб қолиши ҳақида гапирмасак ҳам бўлади.

Аввалдан Собирнинг чизган чизиғидан чиқмайдиган Шокир бу гал ҳам индамай қўя қолди. Унга қаерга ўғирликка тушишнинг унчалик аҳамияти ҳам йўқ эди, даромад яхши бўлса бўлгани.

Улар мўлжалга олган дўкон қишлоқ марказида жойлашган. Қишлоқ аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечак, кундалик эҳтиёжга зарур маҳсулотлар билан таъминларди.

Шу куни улар дўконга ўзлари режа қилганидек, махсус асбоблар орқали дераза ромини бузиб кирди. Улар ўз ишига шунчалик берилиб кетишдики, натижада ортларидан кимдир келиб, уларни кузата бошлаганини сезмай ҳам қолишди.

Қоровул қўлидаги ёритқични Собирнинг юзига қаратди ва уни таниб, бошини чайқади.

- Одам бўлмабсан, Собир. Мактабда ўқиган вақтинг ким бўлишинг аниқ эди.

Сувонқул гапини охиригача етказа олмади. Қоронғида бошига келиб тушган темир зарбасидан ерга йиқилди ва шу заҳоти ҳушини йўқотди. Унинг ортида Шокир қўлида темир асбобни ушлаб, қилган ишидан қўрққанидан қотиб турарди.

Эртасига бутун қишлоқ воқеадан хабар топди. Қоровул касалхонада ҳушига келди ва барча масалага ойдинлик киритилди. Жиноятчилар қилмишларига яраша жазо олди.

Manba: zarnews.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!