Самарқандда катта корхона бошқарувчиси коронавирусга чалинди. 200 киши карантинда

Самарқандда катта корхона бошқарувчиси коронавирусга чалинди. 200 киши карантинда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 апрель, чоршанба куни, коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида Самарқанд вилоятида катта корхона бошқарувчиси коронавирус юқтиргани маълум қилинган. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар бермоқда.

Нашрнинг ёзишича, Президент кун тартибидаги асосий масалага ўтишдан олдин жойларда коронавирусга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Хусусан, сўнгги кунларда касалликка чалинганларнинг сони ортганига эътибор қаратиб, нафақат жойлардаги раҳбарлар, балки фуқароларни ҳам яна-да эътиборли бўлишга чақирди.

«Афсуски, шунча огоҳлантиришларга қарамасдан, Чирчиқ туманида 40 ёшли йигит хасталикни юқтириб олиб, уйида даволанмоқчи бўлган. Ўша йигитнинг соғайиб кетиши учун барча зарур чораларни кўришларини шахсан қайта-қайта илтимос қилдим. Афсуски, касалликни анча ўтказиб юборган экан, ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Оила аъзоларига ҳам касалликни юқтирган. Ҳозир ҳаммалари назоратга олинди. Марҳумнинг оила аъзоларига, яқинларига ҳамдардлик билдираман», — деб таъкидлаган Президент.

Хабар берилишича, йиғилишда Самарқанд вилоятида катта бир корхона бошқарувчиси коронавирус юқтириб олгани ҳақида маълум қилинган. Натижада, у билан мулоқотда бўлган 200 га яқин фуқаро айни вақтда карантинга олинган.

Давлат раҳбари ушбу мисолларни келтира туриб, жойларда ҳақиқий вазиятни нафақат фуқаролар, балки раҳбарлар ҳам тўғри англаб етмаётганини айтиб ўтди.

Хусусан, Андижон ва Бухоро вилоятларида карантинга олинганларни сақлашга нопрофессоналларча ёндашилгани танқид қилинди. Айни вақтда ушбу камчиликлар бартараф этилган бўлиб, ҳар уч нафар фуқаро алоҳида хоналарга жойлаштирилган. Бир марталик идишлардан фойдаланиш таъминланган.

Президент карантинда бўлиш қоидаларининг бузилишига йўл қўйган раҳбарларга жиддий огоҳлантириш берган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 7 апрель куни берилган маълумотларга кўра, Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинган бир нафар бемор қайд этилган.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 3-беморнинг оиласига ҳамдардлик билдиргани ҳақида хабар берилган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!