Самарқандда жарлик ёқасидаги уйда икки боласи билан яшаётган аёлга ноябрда уй берилиши ваъда қилинди. Бироқ қайси йилда эканлиги айтилмади

Самарқандда жарлик ёқасидаги уйда икки боласи билан яшаётган аёлга ноябрда уй берилиши ваъда қилинди. Бироқ қайси йилда эканлиги айтилмади

«Дарё» таҳририятига Самарқанд шаҳридаги «Майсазор» маҳалласида истиқомат қилувчи Мафтуна Йўлдошева мурожаат қилиб, ўзи яшаб турган уй билан боғлиқ муаммоларни тилга олди.

Аёлнинг сўзларига кўра, яшаб турган уйи баҳор ёғингарчилиги сабабли нураб бормоқда. Катта ариқ ёқасида қурилган уй ариқ бўйидаги тупроқнинг емирилиши оқибатида қулаш арафасида. Мафтуна Йўлдошева хавф ёқасида қолган уйи масаласида турли давлат идораларига мурожаат қилган, аммо унинг муаммосига ечим топилмаган. Икки нафар фарзандни ёлғиз катта қилаётган М.Йўлдошева кузнинг ёғингарчилик ва қишнинг совуқ кунлари яқинлашган сари нима қилишини билмаётганлигини билдириб ўтди.

«Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев мазкур ҳолатни ўрганиш учун мурожаатчининг уйига борди ва вазият билан танишди.

— Уйим катта ариқнинг бўйида жойлашган. Фарзандларим ҳали ёш, боғчага боришади. Ўзим гўзаллик салонида ишлайман. Топган-тутганим рўзғордан, болаларнинг боғча тўловидан ортмайди. Бу йил ёғингарчилик кўп бўлганлиги сабабли ариқ бўйидаги тупроқлар кўчиши натижасида уйим қулаб тушиш арафасида, — дейди Мафтуна Йўлдошева. — Кўп ташкилотларга мурожаат қилдим. Фойдаси бўлмади. Аризамни ўргангани келган ходимлар ҳам ҳолатни кўриб, ёрдам беришини айтиб тилхат ёздириб кетишади. Кейинчалик билсам, улар аризамни ёпиш мақсадида тилхат олиб кетган экан.

Самарқанд шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ҳам уйнинг ҳолатини ўрганиб, бу ҳақда далолатнома тақдим этишган. Далолатномага кўра, «Майсазор» кўчасида жойлашган 47-уй 15-20 метр чуқурликдаги жарлик ёқасида, 10 метрли хавфли ҳудудда, жарликдан 1-2 метр оралиқ масофада жойлашган. Ҳозирги кунда уй-жой авария ҳолатига келиб қолган. Юқоридагиларни инобатга олиб, мазкур манзилда яшовчи Мафтуна Йўлдошева ва унинг 2 нафар фарзандини хавфсиз ҳудудга кўчиришни тавсия қилиб, мазкур оилани хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳар ҳокимлигига тегишли хат юборилган.

— Уйим қулаб тушмасин, деб ҳар куни Худога илтижо қилиб чиқаман. На ётишимда, на ейишимда ҳаловат бор. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги «Обод маскан» маҳалласи ҳудудида «Agromir buildings» МЧЖ томонидан ипотека кредити асосида қурилаётган уйлардан сотиб олишингиз мумкин, деб жавоб хати юборибди, — дейди Мафтуна Йўлдошева. — У ердан уй олишим учун кунлик топадиган 30-40 минг сўм пулимни 10 йил ҳеч нарсага сарф-харажат қилмасдан йиғишим керак. Бу уйларнинг бошланғич нархи энг арзони 32 миллион сўмдан ошади. Кам таъминланган оила бу ердан уй олишни орзу ҳам қилмаса бўлади.

Самарқанд вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Гавҳар Алимованинг маълум қилишича, Мафтуна Йўлдошева Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлар учун қулай шароитга эга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 285-сонли қарорига мувофиқ уй-жой билан таъминлаш мақсадида рўйхатга олинган. Бироқ шаҳарда уй-жойга муҳтож хотин-қизлар кўплиги сабабли вилоят ҳокимлиги рўйхатига киритилган ва ишчи гуруҳнинг хулосасига асосан Мафтуна Йўлдошева ноябрь ойида уй-жой билан таъминланади.

Қизиқ томони шундаки, вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари юборган жавоб хатида Мафтуна Йўлдошевага айнан қайси йилнинг ноябрь ойида уй берилишига аниқлик киритилмаган. Ушбу жавоб хатидан билиш мумкинки, Мафтуна Йўлдошева қайсидир йилнинг ноябрь ойида уйли бўлиши керак. Қайси йил эканлиги эса номаълум.

— Мен ҳам кўпчилик қатори тинч ва хотиржам яшашни истайман. Ҳар куни боғчага борадиган фарзандларимнинг ҳолатини кўриб эзилиб кетаман. Кимдир ҳомийлик қилиб янги уй учун бошланғич тўловни амалга ошириб берса, қолган тўловларини ўзим тўлайман, — дейди М.Йўлдошева.  — Айнан бошланғич тўловни амалга оширолмаётганлигим учун бугун тунни кунга улаб болаларимнинг хавфсизлигини ўйлаб чиқаман. Мен қанчалар хавф остида яшаётганимни кўпчилик тасаввур қила олмайди. Бир бора уйимни келиб кўрса, ҳолатни ўзлари ҳис қилишади.

Кам таминланган оилалар учун қурилаётган уйлар биринчи навбатда мана шундай муҳтож оилаларга берилиши керак эмасми? Бугун-эрта қулаб тушаман деб турган бу абгор уйда она ва вояга етмаган болалар истиқомат қилаётгани кишида ташвиш уйғотади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!