Самарқандда фош этилган «бункер»: янги тафсилотлар (видео)

Самарқандда  фош этилган «бункер»: янги тафсилотлар  (видео)

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўйича департамент ходимлари Самарқанд вилоятида олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида абитуриентларга ёрдам беришга уринган бир гуруҳ шахсларни — «бункер»ни фош этиб, уларни қўлга олди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги ахборот-таҳлил мультимедиа маркази маълум қилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари гуруҳ аъзоларидан бири Маъруф Нурмуродов хизмат учун олдиндан 3000 доллар пулни аванс сифатида олаётганида қўлга туширгач, гуруҳнинг изига тушган эди. Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ Аброр Акрамжонов томонидан шакллантирилган.

«Акрамжонов мижозларни, яъни ўқишга кириш учун пул тўлашга тайёрларни топиш билан шуғулланган. Учқун Авезов бўлса бошқа абитуриентлар учун тест топшириқларини ечиб бера оладиган қобилиятли ўғил ва қизларни саралашга жавоб берган. Тергов бундай ёшларнинг 10 тасини аниқлади. Агар улар ташқи кўриниши бўйича ўз мижозларига бироз ўхшаса, у ҳолда мижоз ўрнига имтиҳонга кирган. Йўқса, алоқа воситалари орқали тестларни ечишга ёрдам берган», — дейилади репортажда.

Нурмуродов, Эргашев ва Авезовларнинг вақтинчалик хонадонлари кўздан кечирилганида 23 та фуқаролик папсорти ва уларнинг 97 та рангли нусхалари, 13 та рўйхатга олиш варақалари, абитуриентларнинг исмлари ёзилган икки рўйхат ва бошқа ҳужжатлар топилган ва далилий ашё сифатида олинган.

7 август куни Аброр Акрамжонов ва гуруҳнинг бошқа аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари («бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириш орқали анча миқдорда фирибгарлик қилиш»), 28-модданинг 1-қисми («жиноятда иштирок этиш») ва 211-моддда («пора бериш») аломатлари билан жиноий иш қўзғатилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!