Самарқандда фермернинг укалари хўжаликда ишлаган аёлни калтаклаб, буни видеога олди

Самарқандда фермернинг укалари хўжаликда ишлаган аёлни калтаклаб, буни видеога олди

Самарқанд вилоятининг Оқдарё тумани, Янгиобод маҳалласида яшовчи Ф.У. исм-шарифли аёл Қумота бува фермер хўжалиги раиси З.У.нинг укалари далада уни ҳақоратлагани ва калтаклагани юзасидан 2018 йил 24 декабрь куни туман прокуратурасига мурожаат қилди. Бу ҳақда Газета.uz хабар бермоқда.

Нашрнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига кўра, аёл фермер хўжалигида шартнома асосида ишлаган ва кунгабоқар ҳамда мош экишга ёрдамлашган. Фермер аёл прокурорга мурожаат қилганидан сўнг иш ҳақининг ярмини тўлаган, қолган ҳисмини мош ҳосили ҳисобидан қоплашга ваъда берган.

Жабрланувчининг айтишича, 26 октябрь куни соат 4:00 да эри билан ҳосилнинг бир қисмини олаётганида фермернинг укаларини учратган. Улар аёлни ҳақоратлаган ва қўлларини боғлаб, тан жароҳатлари етказган. Жараён видеога олинган, кейинчалик дискка ёзилиб, шарманда қилиш билан пўписа қилинган ҳолда аёлга берилган. Ф.У. прокуратурага мурожаатига мазкур дискни ҳам илова қилган. Унда аёл ҳақоратланиб, унга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани акс этган.

Олдинроқ аёл Оқдарё туман ИИБга мурожаат қилган, бироқ видеоёзув тақдим этмаганди.

Маъмурий ишлар бўйича Оқдарё туман суди Б.У. ва И.У.ни ҳақоратлаш ва енгил тан жароҳати етказишда айбдор деб топиб, ҳар бирини энг кам иш ҳақининг 2 баробари миқдорида жаримага тортган. Шунингдек, фермернинг укалари ўғирликда айблагани учун эр-хотинга ҳам ЭКИҲнинг бир баробари миқдорида жарима қўллаган.

Туман прокуратураси суднинг қарорини асоссиз деб топди. Уни бекор қилиш ва ишни қўшимча терговга юбориш учун маъмурий ишлар бўйича Самарқанд вилоят суди кассация ҳайъатига протест келтирилган.

25 декабрь куни Оқдарё туман ИИБ тергов бўлими томонидан жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Самарқанд вилояти прокуратураси ва Бош прокуратура мазкур ишни ўз назоратига олди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!