Самарқандда бир қизни ўлдириб, икки қизга жароҳат етказган жиноятчи «сувдан қуруқ» чиқди

Самарқандда бир қизни ўлдириб, икки қизга жароҳат етказган жиноятчи «сувдан қуруқ» чиқди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида пиёдалар йўлагидан йўлни кесиб ўтаётган уч қизни Lacetti машинасида уриб кетган 1999 йилда туғилган Искандар Қаландаровнинг иши кўриб чиқилди ва ҳукм ўқилди.

7 news.uz нинг ёзишича, ҳодиса 2018 йилнинг 9 октябрь куни соат 21:30 да Самарқанд шаҳар Registon кўчасида жойлашган Мўъжиза базмгоҳи қаршисидан ўтувчи автомобиль йўлида содир бўлган. Самарқанд туманида туғилган Искандар Қаландаров Lacetti машинасида пиёдалар йўлагидан йўлни кесиб ўтаётган уч қизни уриб юборган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида туғилиб ўсган, Самарқанд Давлат чет тиллар институти 2-босқич талабалари 1994 йилда туғилган Хурсандой Убайдуллаева, 1996 йилда туғилган Ирода Убайдуллаева ҳамда 1996 йилда туғилган Озода Убайдуллаевалар турли даражадаги тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Жабрланувчилар ака-укаларнинг қизлари бўлган.

Шифохонага оғир аҳволда олиб келинган Озода ўша куниёқ операция қилинган. Операциядан сўнг унга бош миянинг оғир даражада лат ейиши, бош миянинг чап чакка-тепа соҳаларини субдурал гематома билан босилиши ва бошқа қатор ташхислар қўйилган. Хурсандойнинг бўйин, чаноқ, ўнг болдир суяклари синган. Иродага қўйилган ташхис қўшма жароҳатдан иборат. Қизнинг ўнг елка суяги ва дистал охиридан ёпиқ парчаланиб синиб, силжиган. Бош мия лат еган ва бошқа бир нечта жароҳатлар бўлган.

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Ширин Норматованинг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан 11 октябрь куни Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

12 октябрь куни Хурсандой ва Ирода ҳушига келган. Аммо Озода Убайдуллаева 16 октябрь куни олган тан жароҳати натижасида шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган. Мазкур йўл транспорт ҳодисаси оқибатида одам ўлмига сабаб бўлганлиги ҳисобга олиниб, 23 ноябрь куни гумон қилинувчи Искандар Қаландаровга Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан айб эълон қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Марат Эргашевнинг маълум қилишича, 2018 йилнинг 25 декабрь куни Искандар Қаландаровнинг жиноят иши кўриб чиқилган.

Суд жараёнида Искандар Қаландаров йўл ҳаракати қоидаларининг 7-банди талабларига риоя қилмасдан автомашинани тегишли ҳужжатларсиз бошқарганлиги аниқланган. Қолаверса, у автомашинасини соатига 80 км тезликда бошқариб, бошқа автомашиналар пиёдалар йўлаги олдида тўхташига қарамасдан, ундан олдинда тўхтаган автомашиналарни ўнг томондан қувиб ўтиб пиёдаларни уриб юборган.

Судда жабрланувчиларнинг дастлабки терговда берган кўрсатмалари, шунингдек, судланувчи Искандар Қаландаровнинг айби жиноят ишида мавжуд бошқа инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан тўлиқ ўз исботини топган. Судланувчи ва унинг оила аъзолари жабрланувчиларнинг ҳолидан ҳар куни хабар олиб турган ва улардан кечирим сўраган. Шу сабабли жабрланувчилар Искандар Қаландаровга нисбатан даъвоси йўқлиги, уларга етказилган барча зарарларни қоплаб берилганлигини маълум қилди. Суд юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб ҳукм ўқиди.

Суд ҳукмига кўра, Искандар Қаландаров Жиноят Кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, 2 йил барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ҳамда иш ҳақининг 25 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда унга 2 йил 5 ой 6 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!