Самарқандда 14 ёшли боланинг ўлими ортидан ака-укаларга суд ҳукми ўқилди

Самарқандда 14 ёшли боланинг ўлими ортидан ака-укаларга суд ҳукми ўқилди

2019 йил август ойининг 13 куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати ўз биносида, жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг 2019 йил 17 июлдаги ҳукмига асосан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан судланувчилар;

Хайитов Зафар Нуриллаевич (Xayitov Zafar Nurillayevich), 1976 йил 1 декабрда Навоий вилояти, Хатирчи туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта, оилали, икки нафар фарзандлари бор, вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган, Навоий вилояти, Учқудуқ тумани, “Йўлчилар” овул фуқаролар йиғини, 374-уйда яшаган, иш бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, айблов хулосаси нусхасини 2019 йил 3 июль куни ва ҳукм нусхасини 2019 йил 17 июль куни олган,

Хайитов Хусан Нуриллаевич (Xayitov Xusan Nurillayevich), 1986 йил 4 июлда Навоий вилояти, Хатирчи туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта-махсус, оилали, икки нафар фарзандлари бор, вақтинча ишсиз, муқаддам судланмаган, Навоий вилояти, Хатирчи тумани, “Қўшчинор” МФЙ, Урганжи қишлоғида яшаган, иш бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган, айблов хулосаси нусхасини 2019 йил 3 июль куни ва ҳукм нусхасини 2019 йил 17 июль куни олганларга нисбатан чиқарилган ҳукм устидан жабрланувчи Б.Турсунов томонидан келтирилган апелляция шикоятига асосан жиноят ишини апелляция тартибида кўриб чиқди.

Каттақўрғон туман судининг 2019 йил 17 июлдаги ҳукмига асосан З.Хайитовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, жазо умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Х.Хайитовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган, жазо умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

«7news.uz» интернет нашри ихтиёрида мавжуд бўлган Суднинг ҳукмига кўра, З.Хайитов ва Х.Хайитовлар, 2019 йил 29 март куни соат тахминан 21:00 ларда бир гуруҳ бўлиб, Каттақўрғон тумани, Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини, Кўмир қишлоғида яшовчи синглиси Д.Хайитованинг яшаш уйига вояга етмаган жияни 2005 йил 20 июль куни туғилган Б.Абдуҳакимов томонидан ўғирлик жиноятини содир этгани учун уни тартибга чақириш ва онаси Д.Хайитованинг гапларига қулоқ солишини тушунтириш мақсадида бориб, вояга етмаган жияни Б.Абдухакимовни оёғидан арқон билан шифтга осиб қўйиб, танасининг турли жойларига таёқ билан бир неча марта қасддан уриб тан жароҳати етказганликлари натижасида вояга етмаган Б.Абдухакимов “Оғир, ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳати” олиб вафот этишига сабабчи бўлишган.

Жабрланувчи Б.Турсуновнинг шикоятида, биринчи босқич суди судланувчилар З.Хайитов ва Х.Хайитовларга нисбатан бир қадар енгил жазо тайинланганлиги, шунингдек, Д.Хайитованинг ҳаракатларида қасддан одам ўлдириш жиноят аломатлари борлиги сабабли суд ҳукмини ўзгартириб, судланувчилар З.Хайитов ва Х.Хайитовларга оғирроқ жазони тайинлашни ҳамда Д.Хайитованинг жиноий ҳаракатларига қонуний баҳо бериш сўралган.

Судлов ҳайъати иш бўйича вилоят судининг судьясининг маърузасини, прокурор, судланувчилар ва уларнинг ҳимоячиси ҳамда жабрланувчининг вакилларини фикрларини тинглаб, апелляция шикоятидаги келтирилган важларни жиноят иши ҳужжатлари билан бирга таҳлил қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд ҳукмини ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.

-жабрланувчининг вакили Д.Хайитованинг дастлабки тергов ва суддаги, марҳум вояга етмаган Б.Абдухакимов унинг ўғли, судланувчи З.Хайитов акаси ва судланувчи Х.Хайитов укаси бўлиши, 2019 йил 28 март куни турмуш ўртоғи Ш.Турсунов Россия давлатидан унга қўнғироқ қилганида у турмуш ўртоғига бўлган воқеани айтиб берганлиги, сўнг 2019 йил 29 март куни соат 21:00 ларда акаси З.Хайитов ва укаси Х.Хайитов унинг яшаш уйига келганлиги ва турмуш ўртоғи уларга Россиядан қўнғироқ қилиб, ўғли Б.Абдухакимов онасининг айтганларини қилмаётганлиги ва гапига кирмаётганлигини айтиб, уни тартибга чақириб қўйишни сўраганлиги сабабли келганлигини айтганлиги, акалари ўғлидан нима сабабдан онасининг гапларига қулоқ солмаётганлиги ва ўғирлик қилганлигини сўраб бир-икки шапалоқ уришганлиги, кейин укаси унга ташқаридан хивич келтириб беришни айтганида у укасига урмаслигини ва ўғли нимжон бола эканлигини айтганида, укаси унга аралашмаслигини, унинг ўзи тарбиялаб беришини айтгани, акаси ва укаси ўғли Б.Абдухакимовни оёғидан шифтга осиб қўйиб қўллари билан юз соҳасига, хивич билан оёқ ва сон соҳаларига ургани, уларга урмаслигини илтимос қилганида акаси аралашмаслигини айтиб, уни иккинчи хонага киритиб қўйганлиги, кейин у нима бўлганлигини аниқ билмаслиги, шундан сўнг у ўғлидан овқат ейиш-емаслигини сўраганида ўғли индамасдан ётганлиги учун ўғлини аразлаяпти деб ўйлаб бошқа гапирмагани, орадан бироз вақт ўтиб у ўғлининг юзи ва лаби оқариб қолганлигини кўриб оёғини ушлаб кўрганида ўғлининг оёғи муздек эканлигини билгани, акаси ва укаси унинг яшаш уйига ўғлини ўлдириш мақсадида эмас, балки уни тартибга чақириб қўйиш мақсадида келганлиги, дастлабки тергов жараёнида турмуш ўртоғи Ш.Турсунов жабрланувчининг вакили деб эътироф этилганлиги, лекин турмуш ўртоғи виждони қийналиб 2019 йил 23 июнь куни ўз жонига қасд қилиб вафот этганлиги, ушбу воқеалардан сўнг марҳум турмуш ўртоғининг яқин қариндошлари уни ўғлининг ва турмуш ўртоғининг ўлимида айблаб яшаш уйидан ҳайдаб юборганлиги сабабли ҳозирги кунда ўзининг ота-онасиникида яшаб келаётганлиги ҳақидаги;

Шунга кўра, судлов ҳайъати, шикоятдаги важлар суд ҳукмини ўзгартириш ёки бекор қилишга асос бўла олмаслиги сабабли, суд ҳукмини ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим деб топди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!