Самарали сервис иқтисодиётига эга янги Ўзбекистон

Самарали сервис иқтисодиётига эга янги Ўзбекистон

O‘zLiDeP мамлакат ЯИМда хизмат кўрсатиш соҳаси улушини изчил ошириш эвазига аҳоли бандлиги ва оилаларнинг фаровонлигини таъминлаш тарафдори.

БМТнинг жаҳон мамлакатлари фаровонлиги даражасини ўрганувчи маркази томонидан тайёрланган “Бахт индекси” рейтингида Ўзбекистон 156 давлат ўртасида 41-ўринни (2018 йил 44-ўрин, 2017 йил 47-ўрин) эгаллаган. Маълумки, яшаш шароити яхшилиги, барқарор даромад, тиббиёт, таълим хизматларидан фойдаланиш, ўзи хоҳлаган ахборотни олиш, саёҳат қилиш ва бошқа шу каби хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлиш инсоннинг бахтлилик даражасини белгилайдиган омиллар сирасига киради. Булар, ўз навбатида, хизмат кўрсатиш соҳаси жадал ривожланиши билан чамбарчас боғлиқ.

Яққол далил: “Бахт индекси” рейтингида биринчи 10 таликка кирган  давлатларда, яъни Финляндия, Дания, Норвегия, Исландия, Нидерландия, Швейцария, Швеция, Янги Зеландия, Канада, Австрияда хизмат кўрсатиш ҳажми ЯИМ таркибида 55-80 фоизга тўғри келади.

Ўзбекистонда эса ушбу кўрсаткич 35,6 фоизни ташкил қилади. Агар инсоннинг бахтли бўлиш даражаси шунга боғлиқ бўлса, аҳолимизнинг янада бахтли яшаши учун хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш масаласини устувор вазифа сифатида қўйишимиз мантиқан тўғридир.

Статистик маълумотларга кўра, юртимизда 2018 йил якуни бўйича хизматлар таркибида транспорт хизмати 29,3, савдо 26,3, молия хизматлари 14,1, алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари 6,8 фоизни ташкил қилиб, бошқа йўналишларга нисбатан устуворлик касб этган. Яшаш ва овқатланиш 3,1, кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар 3,3, таълим 3,6, шахсий хизматлар 2,5, ижара хизматлари 2,2, архитектура соҳасидаги хизматлар 2 фоизга тўғри келган бўлса, соғлиқни сақлаш ва бошқа хизматларнинг улуши анча паст.

Хизматлар соҳасида транспорт хизматлари энг юқори улушга эга бўлса-да, сифат ва нархлар бўйича муаммолар кўп. Шу билан бирга, рухсат бериш соҳасидаги мураккабликлар бу йўналишда норасмий фаолият юритаётганлар сонининг ошишига сабаб бўлмоқда.

Савдо соҳасида ҳам шундай муаммолар мавжудлиги боис хизмат кўрсатиш сифати юқори эмас. Масалан, маҳсулотни сотиш санъати ва маркетинг ёндашуви бўйича ишларни ташкил қилишга саноқли тадбиркорлар эътибор беради, холос. Молия-банк соҳасида қайта молиялаш ставкасининг юқорилиги, кредит ресурсларининг қимматлиги ва банкларда ресурслар тақчиллигини ҳам айтиш лозим. Алоқа ва ахборотлаштириш йўналишида эса интернет тезлиги, нархи ҳамда қамрови нуқтаи назардан қўшни давлатлар билан солиштирилганда мавжуд ҳолат ижобий эмас. Бу каби муаммоларни хизмат кўрсатишнинг бошқа соҳаларида ҳам кузатиш мумкин.

Шунинг учун соҳани ривожлантириш, инсонларнинг бахтли бўлишлари ва фаровон ҳаёт кечиришлари учун O‘zLiDeP ўз сайловолди дастурида 2020 — 2025 йилларда республикада хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ этиш масаласини кун тартибига қўймоқда.

Ушбу дастуриламал ҳужжатда:

биринчидан, хизмат кўрсатиш соҳаси субъектларини ташкил қилиш, фаолиятни юритиш, айрим турдаги фаолиятларга рухсат бериш билан боғлиқ ҳужжатларни танқидий хатловдан ўтказиш орқали соддалаштириш ва тадбиркорлар учун қулай шаклга келтириш;

иккинчидан, алоқа ва ахборотлаштириш ҳамда молия хизматларини кенгайтириш орқали рақамли иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш ва иқтисодиётда молиявий ресурслар ҳажмини ошириш;

учинчидан, савдо соҳасига янгича технологияларни жорий этиш орқали ишлар ва хизматларни “сотиш санъати”ни ривожлантириш;

тўртинчидан, иқтисодиётда хизмат турларини кескин даражада кенгайтириш, янги маҳсулотларни яратишни рағбатлантириш учун халқаро тажрибаларни ўрганиш ва ҳаётга татбиқ қилишнинг қулай тизимини яратиш каби қатор долзарб вазифалар кўзда тутилади.

Бу вазифаларни рўёбга чиқариш, аввало, аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадларини оширишга, муҳими, халқимизнинг бахтли ҳаёт кечиришига хизмат қилади.

Умуман, партиямизнинг бош мақсади мамлакатимизда тадбиркорликни кенг ривожлантириш орқали шу муқаддас заминда истиқомат қилаётган ҳар бир инсоннинг бахтиёр ҳаёт кечиришини таъминлашдан иборатдир. 

Шоира ҲАЙДАРОВА,

Қашқадарё вилояти Иқтисодиёт

ва саноат бош бошқармаси

бўлим бошлиғи ўринбосари


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар


Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!