Самара ва Ростовдага махсус вақтинчалик лагерлардан барча фуқаролар олиб келинди

Самара ва Ростовдага махсус вақтинчалик лагерлардан барча фуқаролар олиб келинди

Ўзбекистоннинг Қозон ва Ростов-Дон шаҳарларидаги бош консулхоналари маълумотларига асосан, 2020 йил 29 сентабрь ҳолатига кўра, Самара вилоятининг “Кинель”, Ростов вилоятининг “Первомайская” ва “Лихая” темир йўл станциялари яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаяпти.

Тўпланган барча фуқаролар автобус рейслари ва “Ўзбекистон темир йўллари” AЖнинг махсус поездлари орқали ватанга қайтарилган. Шу муносабат билан ушбу станциялар яқинидаги махсус вақтинчалик лагерлар айни пайтда ёпилган.

Мамлакатимизнинг Россиядаги дипломатик ваколатоналари хабар беришича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси жорий йилнинг 1 октабридан очилиши ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали Ватанимизга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар шахсий автомобил воситаларида Ўзбекистонга қайтиш тўғрисида турли эълонлар тарқатмоқдалар.

Ҳамюртларимиздан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликларини сўраймиз. Россия ва Қозоғистон ўртасидаги автомобил чегаралари томонлар ушбу масала бўйича махсус қарор қабул қилгунга қадар чет эл фуқаролари учун ёпиқ қолиши ҳақида маълум қиламиз.

Ҳозирда Ватанга қайтишни истагидаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун авиа, темир йўл ва автобус чартер қатновлари ташкил этилмоқда. Ушбу рейсларга чипталар онлайн тарзда сотилмоқда.

Коронавирус пандемияси тарқалаётган бир пайтда фуқароларнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай ҳолат айниқса қариялар, беморлар, сурункали касаллиги бор фуқаролар учун ниҳоятда хавфлидир.

Россия ҳудудида бўлган ватандошларимиздан жойларда тўпланмаслик, барча карантин талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда ўзлари ва яқинлари саломатлигини хавф остига қўйнмасликларини яна бир бор сўраймиз.

ТИВ Оператив штаби


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!