Саккизта модда билан айбланиб 12 йилга қамалган Тошкент шаҳар ИИББ ходими оқланди

Саккизта модда билан айбланиб 12 йилга қамалган Тошкент шаҳар ИИББ ходими оқланди

Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси, терроризмга ва унинг турли кўринишларига қарши курашиш бўлимининг ўта муҳим ишлар бўйича катта тезкор вакили бўлиб ишлаган Айдаров Арман Агзамханович Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судининг 2009 йил 30 октябрь кунги ҳукмига кўра, ЖКнинг 206-моддаси 2-қисми “б, в” бандлари, 205-моддаси 2-қисми “а, б, в” бандлари, 165-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари, 109 моддаси 2-қисми, 235-моддаси 2-қисми “а, в, г” бандлари, 234-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари ва 2411-моддаси билан, ЖКнинг 59, 61-моддалари тартибида, узил-кесил 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

“Jahon.uz” интернет нашрига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларлаги ишончли манба тақдим этган маълумотларга кўра, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2011 йил 23 мартдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгартирилиб, айбидан ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми, 165-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари, 205-моддаси 2-қисми “б, в” бандлари, 209-моддаси 2-қисми “б” банди ва 235-моддаси 2-қисми “а, в, г” бандлари чиқарилган, ҳаракатлари ЖКнинг 206-моддаси 2-қисми “б, в” бандларидан, шу модданинг 1-қисмига қайта квалификация қилинган ҳолда шу модда билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, ЖКнинг 59, 61-моддалари тартибидаги жазо 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 5 июлдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси 2011 йил 23 мартдаги ажримининг А.Айдаровга оид қисми бекор қилинган ва жиноят иши янгидан кассация инстанциясида кўриш учун юборилган.

Суд ҳукмига кўра, М.Атаяров, Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бошқармаси, терроризмга ва унинг турли кўринишларига қарши курашиш бўлими ўта муҳим ишлар бўйича катта тезкор вакили капитан А.Айдаров, шу бўлим агентура таъминоти бўлинмасининг тезкор вакили капитан Ш.Гулямов ва бошқа шахслар билан уюшган гуруҳда, 2009 йил 25 март куни соат 11:00 да жуда кўп миқдорда товламачилик қилиш мақсадида, Яккасарой туманидаги 1-сонли нотариал идора олдида жойлашган Ўзбекистон Республикаси ТИФМБ Яккасарой туман филиалидаги валюта айирбошлаш шахобчаси олдига бориб, у ерда фуқаролик кийимида бўлган милиция ходими Ш.Гулямов жиноий режага асосан И.Хаджамбердиевни ноқонуний равишда ушлаб, қўлини орқага қайирган ҳолда кишан солган. Ш.Гулямов И.Хаджамбердиевга унинг нима учун ушлаганлигини, у нимада гумон қилинаётганлигини ва уни ҳуқуқларини тушунтирмай, унга тегишли “Нексия” русумли автомашинасига қўлида кишан бўлган ўтказишган.

И.Хаджамбердиев автомашинасининг рулига жиноий гуруҳ аъзоси, бошқа шахс ўтирган, И.Хаджамбердиевнинг ёнига тезкор вакил Д.Мамадалиев ўтирган ва улар И.Хаджамбердиевни Тошкент шаҳар ИИББга олиб боришган.

Улар ҳужжатларни қалбакилаштириб, сохта ҳужжатлар тузиб, уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб, уни қамаш билан қўрқитиб, 10.000 АҚШ доллари эвазига ишни тинчитиш мумкинлигини айтиб, 10.000 АҚШ доллари олиб келишини талаб қилиб, ундан шахсий тинтув вақтида олиб қўйган пулларини қайтариб берганлиги ҳақида тилхат ёздирган ва уни қўйиб юборишган.

Фуқаро қўрққанлиги учун шу куни соат 15:00 ларда ИИББга қайтиб келиб, ИИББда М.Атаяров товламачилик билан талаб қилган 10.000 АҚШ долларини берган. .Атаяров товламачилик билан қўлга киритган 10.000 АҚШ долларини уюшган гуруҳ аъзолари билан ўрталарида ўзаро тақсимлаб олишган.

Адвокат А.Томаков шикоятида, А.Айдаровнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли уни оқлашни сўраган.

Чунки, кассация суд мажлисида сўроқ қилинган А.Айдаров дастлабки терговдаги кўрсатмаларини тасдиқламай қуйидагиларни, яъни ҳақиқатдан ҳам Тошкент шаҳар ИИББ тезкор вакили лавозимида ишлаган вақтида бўлим бошлиғи С.Юлчиевнинг топшириғи билан, М.Атаяровнинг маълумотига кўра тадбирга чиққанлигини, М.Атаяров тадбирга бошчилик қилганлигини ва Ш.Усманов ва И.Хаджамбердиевларни қидирувдаги шахс сифатида гумон қилиб ушлаганликларини, Ш.Гулямов билан бирга Ш.Усмановнинг автомашинасида Ш.Усманов ва И.Хаджамбердиевларни Тошкент шаҳар ИИББга олиб боришганлигини, автомашинани у бошқарганлигини, бироқ у Ш.Усманов ва И.Хаджамбердиевларга нисбатан ҳеч қандай куч ишлатмаганлигини, қўлига кишан солмаганлигини, уларни М.Атаяровнинг хизмат хонасига олиб келганлигини ва ўзининг бошқа ишлари билан шуғулланганлигини, улардан пул талаб қилмаганлигини, бирор-бир тергов-суриштирув ишларини олиб бормаганлигини, жиноятга унинг даҳли йўқлигини, дастлабки терговда унга нисбатан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилгани сабабли айбига иқрор бўлганлигини билдириб кўрсатма берган.

Судлов ҳайъати А.Айдаровнинг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида ўз исботини топмади деб ҳисоблади ва унинг содир этилган жиноятга даҳли бўлмаганлиги сабабли, жиноят ишининг А.Айдаровга оид қисмини бекор қилиб, уни ЖПКнинг 83-моддаси 3-қисмига асосан айбсиз деб топишни ва реабилитация қилишни лозим топди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман суди 2009 йил 30 октябрь кунги ҳукмининг Айдаров Арман Агзамхановични Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 206-моддаси 2-қисми “б, в” бандлари, 205-моддаси 2-қисми “а, б, в” бандлари, 165-моддаси 3-қисми “а, в” бандлари, 109-моддаси 2-қисми, 235-моддаси 2-қисми “а, в, г” бандлари, 234-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари, 2411-моддаси билан айбдор деб топиш қисмини бекор қилди.

Айдаров Арман Агзамхановичнинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаганлиги сабабли, у Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 3-қисмига асосан айбсиз деб топилди ва реабилитация қилинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!