Сакен Полатов Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти лавозимига сайланди

Сакен Полатов Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти лавозимига сайланди

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Осиё бокс конфедерацияси Ижроия Қўмитаси аъзоси, Осиёда боксни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш фонди раҳбари Сакен Полатов Осиё бокс конфедерациясининг вице-президенти лавозимига сайланди. Бу ҳақида ташкилот матбуот хизмати ҳам расман эълон қилди.

Хабарда қайд этилишича, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов дам олиш кунлари ўтказилган Ижроия Қўмитаси аъзолари йиғилишидаги овоз бериш жараёнида номзодлар орасида катта фарқ билан ғалаба қозонган ҳамда Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти лавозимига сайланган. Бугундан Сакен Полатов расман Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти ҳисобланади.

Сакен Полатов 2019 йилнинг апрель ойида Бангкокда ўтказилган ASBC Бош ассамблеяси давомида Ижроия Қўмита аъзолигига сайланган эди.

2020 йилнинг декабрь ойидан бошлаб Осиёда боксни ривожлантириш жамғармаси раҳбари этиб тайинланган. Ушбу фонд Осиёда боксни ривожлантириш, келажакда узоқ муддатли муваффақиятларга эришиш мақсадида ASBC президенти Анас Алотаиба томонидан таъсис этилган. Ушбу фонд апрель ойида Тошкентда ўтказилган бокс оқшомидан сўнг "Hilton" меҳмонхонасида ўзининг дастлабки йиғилишини ўтказганди.

Осиёда боксни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш фонди раҳбари Сакен Полатовнинг фикрича, тизимни доимий мониторинг қилиш, қайта алоқа ва назорат ишни ташкил этишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон бокс федерацияси Полшанинг Келсе шаҳрида ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида фантастик натижа қайд этди ва учта олтин медаль қўлга киритди. Улар қаторида аёллар бокси олтин медали ҳам бор. Нигина Ўктамова, Шаҳзод Музаффаров ва Жаҳонгир Зокиров Келседа олтин медалга эга чиқди.

Ўзбекистон катталар терма жамоаси эса Санкт-Петербургдаги «Губернатор Кубоги»да тўртта олтин медални қўлга киритди. Улар ҳозирда 21 май куни Дубайда бошланадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўришмоқда, дея ушбу баёнотга якун ясаган ASBC матбуот хизмати.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!