Садақа бериш билан мол камаймайди

A A A
Садақа бериш билан мол камаймайди

Садақа Аллоҳ таолога энг маҳбуб амаллардан, У Зот буюрган ибодатларнинг энг улуғларидандир.

Садақа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан ажри баён қилиб берилган Аллоҳга қурбат ҳосил қилишга сабаб бўлувчи энг улуғ амаллардандир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: “Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва Ўзи хоҳлаганига ризқни танг қилур. Бирор нарсани муҳтожларга холис эҳсон қилсангиз, бас, Аллоҳ унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир”. ("Сабаъ" сураси, 39-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир киши, то инсонларнинг орасида ҳукм қилингунича, садақасининг соясида бўлади”, дедилар.

Яна пайғамбаримиз: “ Уч нарсага қасам ичаман:

1. Банданинг моли садақа қилиш билан камаймайди.

2. Кимга бирор зулм етганида сабр қилса, Аллоҳ унинг иззат-шарафини оширади.

3. Ким тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади”, деб марҳамат қилганлар.

Ушбу ҳадисда иккита хайрли ишга чақирилиб, битта иллатдан қайтариляпти.

Биринчиси: “Банданинг моли садақа қилиш билан камаймайди”.

Бундай дейиш билан Расулуллоҳ биз умматларини садақа қилишга тарғиб этмоқдалар. Бирор киши “молим камайиб қолади”, деган хаёл билан хайру садақа қилишдан тўхтамасин. Садақа қилган билан давлат камаймайди, аксинча, зиёда бўлади ва барака киради.

Мол-дунё кўпайишининг сабабларидан бири, унинг закотини ўз вақтида бериш, фақир ва муҳтожларга эҳсон қилишдир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ судхўрликни фойдасини йўқ қилади ва садақа берувчиларга бойликларни зиёда этади”. ("Бақара" сураси, 276 оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким хайру саховат кўрсатиб, кийимга муҳтож одамни кийинтириб, хурсанд қилса, Аллоҳ уни жаннат кийимлари билан кийинтиради. Ким бир кишини тўйдирса, овқатлантирса, жаннатдаги таомлардан насибадор бўлади”.

Бошқа ҳадисда садақа ҳақида Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганида ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “Ё Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг моли ўрнини тўлдиргин”, деса, иккинчиси: “Ё Аллоҳ, зиқна одамнинг молига талафот етказгин”, деб дуо қилади.

Демак, моддий имкониятга эга бўлган киши садақа қилиш, муҳтожларга ёрдам беришдан сира қўрқмаслиги, балки хайру эҳсон билан улкан савобларни қўлга киритишга ошиқмоғи зарур.

Иккинчиси: “Кимга бирор зулм етганида унга сабр қилса, Аллоҳ унинг иззат-шарафини оширади”.

Пайғамбаримиз бу билан бизларни кечиримли бўлишга тарғиб қилмоқдалар. Кимнинг жонига ёки молига, ёхуд обрў-иззатига бирор кимса жабр-ситам қилса, у киши ўч олишга, ҳақини ундиришга қодир бўлса ҳам, сабр билан кечирса, Аллоҳ таоло унинг иззат-шарафини оширади. Чунки кечиримлилик Аллоҳ таолога хуш келадиган амаллардан. Аллоҳ таоло бандаларининг қилган гуноҳларини кечирувчи Зот. Бандалари орасидан кечиримлиларини яхши кўради.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “У тақводорлар фаровонлик ва танглик кунларида ҳам эҳсон қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни афв этадиганлардир...” ("Оли Имрон" сураси, 134-оят)

“Банда тиланчилик эшигини очса, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади”.

Муқаддас динимиз тиланчилик қилишдан қайтаради. Айниқса, қўл-оёғи бутун, меҳнатга лаёқатли кимсанинг тиланчилик қилиши қаттиқ қораланади. Пайғамбаримиз ҳадисларининг бирида, Аллоҳ номига қасам ичиб, дала-даштдан ўтин териб, бозорда сотиб тирикчилик қилиш тиланчиликдан яхши эканини баён этганлар. Бошқа бир ҳадисда эса, дунёда тиланчилик билан кун кечирган кимсанинг қиёмат куни юзида эти қолмаган ҳолда тирилишини айтганлар. Зеро, соғ-омон бўла туриб, бировлардан тиланаётган кимса юз терисини шилиб ташлаб, ор-номусини оёқости қилиб, ўзини бечораҳол кўрсатишга уринади. Шунга монанд, Аллоҳ таоло ҳам охиратда уни ана шундай ҳолатда тирилтиради. Билагида кучи бўлатуриб, тиланчиликни ўзига касб қилиб олган инсон ҳеч қачон рўшнолик кўрмайди. Чунки Аллоҳ таоло унга фақирлик, камбағаллик эшигини очиб қўяди.

Manba: azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!