Саакашвили мажбуран овқатлантирилиши мумкинми?

Саакашвили мажбуран овқатлантирилиши мумкинми?

Грузиянинг собиқ президенти, 1 октябрдан бери очликни давом эттираётган Михаил Саакашвили зарурат юзага келса шифохонага кўчирилиб, у ерда мажбуран овқатлантирилиши мумкин.

Саакашвили Грузияга қайтгандан кейин 1 октябрда ҳибсга олинганди. Ўшанда у очлик эълон қилиб, уни “ўлгунича давом эттиришга тайёрлигини” айтган. Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили бунга жавобан собиқ президентни “қаллоб” деб атаган. Бу орада Саакашвилининг сафдошлари “у ҳақиқатан ҳам охиригача бориши мумкинлигини” айтишмоқда.

Саакашвилининг адвокати Ника Гварамиянинг таъкидлашича, 19 кундан бери очликни давом эттираётган Саакашвилига 3-4 кундан кейин тиббий ёрдам керак бўлиши мумкин.

Адвокат Гела Николаишвилининг айтишича, очлик эълон қилган маҳбусларни мажбуран овқатлантириш амалиёти кўплаб давлатларда мавжуд. Унинг таъкидлашича, гап том маънода овқатлантириш ҳақида эмас, балки маҳбус батамом ҳолсизланса ёки ҳушини йўқотса, унинг организмига зарур воситаларни қуйиш ҳақида бормоқда.

19 октябрда шифокорлар консилиуми Саакашвилининг саломатлиги ортидан кузатувни кучайтириш ҳақидаги хулосага келган ва унинг соғлиғи ёмонлашишда давом этса, уни турма ёки шаҳар шифохонасига ўтказишни тавсия қилган.

Аввалроқ Саакашвили очлик вақтида 15 кгга озиб кетгани маълум қилинган. Бироқ собиқ президент ўз қароридан қайтмаслиги ва озод этилмагунгача очликни давом эттиришини таъкидламоқда. “Агар мен ўз давлатимга ҳаётлигимда ёрдам бера олмасам, балки ўлимим Грузиянинг озодлик томон йўлини ёритар”, деб айтган Саакашвили ўз тарафдорларига йўллаган мактубида.

Бу орада Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили Европарламентнинг Саакашвилини дарҳол озод қилиш талабига жавобан “қаллоб ва симулянт” Саакашвили ўзига чиқарилган 6 йиллик қамоқ жазосини тўлиқ ўтамагунгача озод этилмаслигини” айтган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!