Россиянинг коронавирусга қарши биринчи дори воситаси 15 та давлатга етказиб берилди

Россиянинг коронавирусга қарши биринчи дори воситаси 15 та давлатга етказиб берилди

Россиянинг коронавирусга қарши биринчи дори воситаси “Авифавир” 15 та давлатга етказилди. Бу ҳақда Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (РФПИ) раҳбари Кирилл Дмитриев маълум қилди, деб ёзади "Кун" нашри.

Айни вақтда дори воситасини Жанубий Африка Республикасига етказиш бошланган. 

Дори воситасини РФПИ билан биргаликда ишлаб чиққан “ХимРар” корхонаси бош директори Андрей Блиновнинг таъкидлашича, айни вақтда Россияда “Авифавир”дан ички эҳтиёжларни қондириш учун етарлича миқдорда ишлаб чиқилган. Бу эса ички талабга зиён етказмаган ҳолда дори воситасини хорижга етказиб бериш имконини беради. 

Шунингдек, корхона Боливиядаги компания билан “Авифавир”ни Лотин Америкасининг 7 та давлати - Аргентина, Боливия, Гондурас, Парагвай, Сальвадор, Уругвай ва Эквадорга ҳам етказиш бўйича келишувни имзолаган. Келишув камида 150 минг қути дори етказилишини ва Боливиядаги ҳамкорга “Авифавир”ни олиш технологияси берилишини кўзда тутади. 

Кирилл Дмитриевнинг таъкидлашича, ҳозирда муайян давлатларга етказилаётган вирусга қарши воситалар нуқтайи назаридан, коронавирусга қарши иккита восита – АҚШнинг “Ремдесивир” ва Россиянинг “Авифавир” воситаси мавжуд.

“Ремдесивир”нинг 90 фоизини АҚШ сотиб олган. Шу сабабли 15 та давлат бизнинг воситани сотиб олгани биз учун ажабланарли ҳол эмас. У ҳақиқатан ҳам яхши натижа кўрсатмоқда”, деб таъкидлаб ўтган Дмитриев.

Май ойи охирида Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги “Авифавир”ни рўйхатга олган, 3 июндан эса коронавирус профилактикаси ва уни даволаш бўйича тавсия қилинувчи воситалар рўйхатига киритган. 

РФПИда таъкидланишича, “Авифавир” коронавируснинг кўпайиши механизмини издан чиқарувчи восита ҳисобланади. У клиник синовлар вақтида коронавирусга чалинганларни даволашда юқори самарадорлик кўрсатган.

“Авифавир” таркиби фавипиравир моддасидан иборат бўлиб, у Японияда 2014 йилдан бери гриппнинг оғир шаклларини даволашда қўллаб келинади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!