Россияликлар "буюк" давлатдан кўра кўпроқ "фаровон" давлатда яшашни истайди

Россияликлар "буюк" давлатдан кўра кўпроқ "фаровон" давлатда яшашни истайди

Социологлар 2014 йилдан (Қрим қўшиб олинганидан) бери илк бор россияликлар "буюк давлатчилик" ғоясидан кўра фаровон ва адолатли давлатга кўпроқ эҳтиёж сезаётганликларини қайд этди. Жамоатчилик фикридаги бу ўзгаришни Россия Фанлар академияси Социология институти ўтказган сўровлар қайд этган, деб хабар берди "turon24" агентлиги.

Сўровга кўра, россияликлар орасида фаровонликка бўлган талаб 47 фоиздан 59 фоизга ўсган. Бу 2014 йилдаги Қрим воқеаларидан сўнг россияликлар онгидаги илк ўзгариш. Шу тариқа ижтимоий фаровонлик Россия келажагини белгиловчи қадриятлар тизимида биринчи ўринни банд этди.

Агар 2014 йилда Қримни Россияга қўшиб олиниши натижасида “буюк давлатчилик” кайфиятларини 67 фоиз россияликлар ёқлаган бўлса, орадан тўрт йил ўтиб бу кўрсаткич илк бор 49 фоизга тушди.

51 фоиз россияликлар “Россия биринчи навбатда ўз фуқаролари ҳақида қайғуриши” лозим деб ҳисоблайди.

2014 йилда россияликлар онгида биринчи даражали бўлган “буюк давлатчилик ва ҳарбий қудрат” кайфиятлари 2018 йилда иккинчи даражали қадрият сифатида қайд этилган.

Ажабланарлиси, 2014 йилдан буён россияликлар биринчи марта демократия қадриятларига эҳтиёжлари ортганлигини билдиришган.

Социологлар демократик қадриятларни ёқлаган россияликлар 27 фоиздан (2014) 37 фоизга (2018) ўсганлигини қайд этишди.

Инсон ҳуқуқлари, демократия, шахснинг ўзини намоён этиш эркинлиги россияликлар томонидан ифодаланган қадриятлар тизимида иккинчи ўринни эгаллади.

Социология институти қошидаги илмий-текшириш маркази раҳбари Владимир Петухов аҳоли онгидаги қадриятларнинг ўзгаришига футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказилиши ва нафақа ислоҳотларини асосий сабаблар сифатида кўрсатади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!